АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Ангела Меркель Россия ҳукумати Украина билан чегарадаги ҳарбий кучларини камайтириши керак, деган фикрда. Давлатлар раҳбарлари мазкур масалани телефон орқали суҳбат чоғида муҳокама қилди. Бу ҳақда Германия Федератив Республикасининг расмий вакили Штеффен Зайбертга таяниб, Meduza хабар берди.
Зайбертнинг сўзларига кўра, Меркель ва Байден «Россия вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик учун яқинда кучайтирган қўшинлари таркибини камайтириши керак», деган хулосага келди.
Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг дипломатлари Россияни Украина билан вазиятни юмшатишга чақирмоқда.
Маълум бўлишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Брюсселда Франция, Германия, Италия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари билан учрашди ва улар билан Украинанинг шарқидаги вазиятни муҳокама қилди.
Дипломатлар Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилди ва «Россиянинг, хусусан, ҳарбий қўшинни кучайтириши орқали олиб бораётган провокациялари олдида Украинанинг вазминлигини юқори баҳолади», — дейилади АҚШ баёнотида.
«Улар Россиянинг Украина билан зиддиятларни дарҳол пасайтириши зарурлигини таъкидлади», — деди АҚШ давлат департаменти.
Мавзуга доир: Украина президенти Донбассга борди, каска ва зирҳли нимча кийиб окопларга тушди ва вазият кескинлашганини маълум қилди (фото)
Аввалроқ Россия Украина чегарасига ва Қримга 40 минг нафардан аскар жўнатгани маълум қилинган эди. Украина президенти Владимир Зеленский Россияни «жиловлаш»да Байдендан ёрдам сўраган. Кремль эса Россия ва Украина ўртасидаги уруш эҳтимолини истисно қилган.
Изоҳ (0)