Туркия жанубида 14 апрель куни иккита юк поезди тўқнашди, ҳодиса оқибатида икки нафар машинст жароҳатланган, дея хабар берган DHA.
«Аданадан тонгда йўлга чиққан контейнерли юк поезди ўзидан олдинда ҳаракатланган бошқа бир юк поездига келиб урилган. Тўқнашув оқибатида иккала поездларнинг ҳам бир нечта вагонларига талафот етган ва поездлар темир йўл рельсидан чиқиб кетган», — дейилади хабарда.
Ортдан келиб урилган поезднинг механиклари енгил жароҳат олган. Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳлар юборилган. Жароҳатланган механиклар Позантидаги шифохонага олиб келинган. Содир бўлган ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланган.
Аввал Мисрда икки поезднинг тўқнашуви оқибатида 30 нафардан зиёд одам ҳалок бўлгани, Тайванда поезд рельсдан чиқиб кетгани, оқибатида 50 дан зиёд киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)