Мисрнинг Исмоилия шаҳри иқтисодий ишлар бўйича суди Сувайш каналини қарийб бир ҳафтага тўсиб қўйган Ever Given контейнер ташувчи кемасини мусодара қилишга қарор қилди. 900 миллион доллар миқдорида товон пули тўламагунча, кема эгаси уни олиб кетолмайди, деб ёзади «Korrespondent.net».

Фото: AP Photo

«Суд қарорига биноан кема мусодара қилинади ва суд назорати остида бўлади. Сувайш канали маъмуриятига 900 миллион доллар товон пули тўланмагунча, кема операторига кемани тасарруф этиш тақиқланади», — дейилади суд қарорининг хабарида.

Компенсация таркибига Ever Given’ни саёзликдан чиқариб олиш, контейнер кемасини таъмирлаш, шунингдек, каналнинг тўсиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш харажатлари киритилган.

Суд даъвоси Сувайш канали маъмуриятига махсус суд томонидан кемани мусодара қилишга рухсат берувчи Миср денгиз савдоси тўғрисидаги қонуннинг тегишли моддасига асосланади.

Сувайш канали маъмурияти раҳбари Усама Раби, ўз навбатида, Youm7 газетасига ушбу воқеа бўйича текширув натижалари пайшанба куни эълон қилинишини айтди.

Аввалроқ Ever Given контейнер ташувчи кемаси билан юз берган воқеага инсон хатоси сабаб бўлгани айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Ever Given кемаси кучли шамол ва қум бўрони туфайли йўналишини ўзгартириб, бурун ва қуйруқ қисмлари билан иккала қирғоққа тиралиб қолиб, Сувайш каналининг бир магистралли жанубий қисмини тўсиб қўйган эди. Бунинг натижасида 450 дан ортиқ кемадан иборат тирбандлик юзага келган. Шунингдек, ҳодиса ортидан нефть нархи кескин ўсган.

Сувайш канали орқали икки йўналишда ҳам кемалар ҳаракати 29 март, душанба оқшомидан қайта тикланди.

Аввалроқ Сувайш каналининг тўсилиб қолиши оқибатида етган зарар 1 миллиард долларга баҳолангани ҳақида хабар берилганди. Канал маъмурияти бўлиб ўтган ҳодисада Ever Given кемаси капитанини айбдор деб топди. Кеманинг эгаси эса ишни судга оширмаслик учун зарарни қоплаб бермоқчилигини маълум қилди.