Ўзбекистон ва Россия самолёцозлик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган «Иннопром» халқаро кўргазма ҳафталигида маълум қилинди, деб ёзади «Подробно».
Гап биринчи навбатда Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳақида кетмоқда. Бу ерда совет даврида «Ил-76» самолётлари, 2012 йилга қадар эса «Ил-114-100» самолётлари ишлаб чиқарилган.
«Ҳозирда ушбу завод («ТАПОиЧ» самолётсозлик заводи — таҳр.) ишламаяпти. Ўйлайманки, бу борада ҳамкорликнинг мавжуд йўналишини топамиз», — дейди «Ростех» давлат корпорацияси бош директори Сергей Чемезов.
Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуровнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Россияда самолёцозлик йўналишида ўзбекистонлик талабаларни ўқитиш бўйича махсус дастур тайёрланмоқда.
«Бу йилига, тахминан, 100 нафар бакалавр дегани», — дейди у.
Маълумот учун, Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси 1941 йилда пайдо бўлган — уруш бошланиши билан 1932 йилда Москва яқинидаги Химки шаҳрида ташкил этилган завод Тошкентга эвакуация қилинган. Завод сўнгги самолётлардан бирини 2012 йилда ишлаб чиқарган. Айни пайтда унинг асосий ҳудудида Тошкент механика заводи жойлашган.
Изоҳ (0)