Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псаки АҚШнинг ўз иттифоқчилари билан ҳамкорликда Хитойда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига қарши бойкот эълон қилиш масаласини муҳокама қилмаётганини таъкидлади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Биз иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳеч қандай бойкот масаласини муҳокама қилмадик ва қилмаяпмиз ҳам», — деди Псаки журналистларга.
Унинг таъкидлашича, масалага умумий ёндашувни ишлаб чиқиш учун Вашингтон иттифоқчилари билан барча даражаларда муҳокамалар ўтказмоқда, лекин АҚШ ўз позициясини ўзгартирмоқчи эмас.
Аввалроқ Давлат департаментининг матбуот котиби Нед Прайс журналистларга АҚШ ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан биргаликда 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига қарши бойкот эълон қилиши ҳақида маълум қилди, лекин кейинроқ Прайс бу маълумотни инкор этди.
Кейинги қишки Олимпия ўйинларини бойкот қилиш масаласи АҚШ ва Хитой муносабатларининг бузилиши фонида пайдо бўлди. Хусусан, АҚШ ҳукумати Хитойни инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва уйғурлар геноцидида айбламоқда. Хитой эса бу айбловларни рад этяпти.
Март ойида Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах Хитой ҳукуматининг уйғурларга бўлган муносабати туфайли 2022 йилда Пекинда ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинларига қарши бойкот эълон қилинишини қоралади. «Сиз қайсидир чет давлатлари билан келиша олмасангиз, нега бунинг учун сизга ватандош бўлган спортчилар жазоланиши керак?», — деди у матбуот анжуманида.
«Сизларга фақатгина тарихдан хулоса чиқаришни маслаҳат беришим мумкин: Олимпиадаларга қарши эълон қилинган бойкотлар ҳеч қачон натижа бермаган», — деб қўшимча қилди Бах. У АҚШнинг 1980 йилда Афғонистон уруши сабабли Москвада ўтказилган Олимпиадага қарши эълон қилган бойкоти ҳақида эслатиб ўтди. «Барибир уруш 1989 йилда тугаган эди», — деб таъкидлади у.
Изоҳ (0)