Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорига мувофиқ, пойтахтда ташқи реклама объектларини жойлаштириш, ўрнатиш, ўзгартириш ва паспортларининг берилишига мораторий эълон қилинди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ташқи реклама конструкцияларини хатловдан ўтказиш, ягона электрон реестрни шакллантириш мақсадида жорий этилган тақиқ 2021 йилнинг 1 апрелидан 31 декабригача амал қилади.

Мораторий амал қилиши давомида янги ўрнатилган ташқи реклама объектлари ноқонуний ҳисобланиб, белгиланган тартибда демонтаж қилинади ва уларни ўрнатган шахсларга нисбатан чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февраль ойида пойтахт рекламачиларнинг Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш сўзлари ва тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик ҳақида «Ўзавтойўл» давлат қўмитасига қаратилган чорлов акс этган реклама баннерлари пайдо бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон коммуникацион агентликлари ассоциацияси бу «Ўзавтойўл»нинг «Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ёқасига ўрнатилган 600 га яқин ташқи реклама конструкцияларини демонтаж қилиш» ҳақидаги баёнотига нисбатан жавоб муносабати деб айтганди.

Ўша йилнинг март ойида Тошкент шаҳри кўчаларидаги қонун талабига жавоб бермайдиган ташқи реклама объектларига қарши қатъий чоралар кўрилганди.