АҚШдаги серияли отишмалар
Сўнгги икки ҳафта ичида АҚШда уч марта отишма содир этилди. Дастлаб, 16 март куни Жоржияда 21 ёшли Роберт Аарон Лонг томонидан Атланта чеккасидаги массаж салонларига қилинган қуролли ҳужумларда саккиз киши, жумладан, олти осиёлик аёл ўлдирилган. Кейин эса 22 март куни Колорадо штатининг Боулдер шаҳридаги супермаркетда 21 ёшли Аҳмат Алисса отишма содир этган, оқибатда 10 киши, шу жумладан, бир нафар полиция ходими ҳалок бўлган. Расмий маълумотларга кўра, гумондор отишмадан олти кун олдин ҳужум қуролини сотиб олган. АҚШ президенти Жо Байден Колорадодаги отишма оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига беш кунлик мотам эълон қилган.
31 март куни эса Калифорния штатида навбатдаги отишма содир бўлди. Калифорния штатининг Оринж округида юз берган мазкур отишма оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди. Хабарга кўра, жиноятчи 31 март куни кечқурун Лос-Анжелесдан эллик километр ва Анахаймдаги «Диснейленд»дан ўн километр узоқликда жойлашган Оринж округидаги офис биноларидан бирида ўқ узган.
Ҳодисанинг сабаблари ва ҳолатлари ҳозирча номаълум. Отишма жойига етиб келган полиция томонидан яраланган жиноятчи ҳозир касалхонада.
АҚШда ўтган ҳафтада яна бир жиноий ҳаракат содир бўлгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап шундаки, 3 апрель куни АҚШ Конгресси биноси яқинидаги назорат пунктига автомобиль келиб урилди. Ҳайдовчи машинадан сакраб тушиб, пичоқ билан икки полициячига ҳужум қилди.
Хабарга кўра, полиция номаълум ҳужумчига ўқ узган, касалхонага ётқизилган шахс жароҳати туфайли вафот этган. Шу билан бирга, ҳужумчининг пичоғидан яраланган икки полициячи ҳам касалхонага олиб кетилган, кейинчалик улардан бири вафот этган.
Парламент спикери Нэнси Пелоси вафот этган полициячи хотираси учун Капитолий биноси устига байроқларни туширишни буюрди.
Fox News’нинг таъкидлашича, ҳужум Капитолийнинг шимолий томонида, одатда конгрессменлар ва мажмуанинг ходимлари фойдаланадиган кириш қисмида содир бўлган. Ҳодиса нима сабабдан уюштирилгани номаълум.
Ҳудудда хавфсизлик чоралари 6 январь воқеаларидан сўнг — бир гуруҳ намойишчилар, хусусан, Дональд Трамп тарафдорлари мажмуани вақтинча эгаллаб олгандан кейин кучайтирилган эди.
Капитолий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳужумчини бирор экстремистик гуруҳга алоқаси йўқ деб ҳисобланаётгани ва «ёлғиз бўри» деб аталаётгани ҳақида хабар берган.
Reuters хабарига кўра, полиция ушбу ҳодисанинг теракт экани тўғрисида ҳозирча бирор далил йўқлигини, аммо ушбу тахмин ҳам текширилишини айтди. «Айни пайтда конгрессменларнинг хавфсизлигига таҳдид йўқ, вазият назорат остида», — деди полиция.
Тайвандаги поезд ҳалокати
2 апрель куни Тайванда йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетиб ҳалокатга учраган. Поезд туннел орқали юриб ўтаётиб, рельсдан чиқиб кетган, вагонларнинг бир қисми туннел деворига бориб урилган. Ҳалокат чоғида поездда 350 га яқин йўловчи бўлган. Вагонлар сони 8 та бўлган.Агентлик маълумотларига қараганда, поезд туннел ичидан ўтишда йўлни тошлардан тозалаётган техника билан тўқнашиб кетган.
«Пинго жибао» нашри ёзишича, дастлабки маълумотларга қараганда, рельсга 20 метр баландликдан қияликка нотўғри парковка қилинган юк машинаси тушиб кетган, унинг тормозлари носоз бўлган.
Reuters ушбу темир йўл ҳалокатини Тайванда сўнгги 40 йил ичидаги энг йириги деб атамоқда. Сўнгги марта Тайванда йирик темир йўл ҳалокати 2018 йил октябрида содир бўлган, ўшанда Пуюма Express тезюрар поезди Илан уездида изидан чиқиб кетган эди. Оқибатда 22 киши ҳалок бўлган, 170 дан ортиқ одам жароҳат олган эди. 1981 йилда поезд ҳалокати оқибатида 31 киши қурбон бўлганди.
Кейинчалик олинган янги маълумотларда поезднинг ичида 496 киши бўлган, улардан 146 нафари жароҳат олган, 51 киши, жумладан, Франция фуқароси вафот этган. Бу ҳақда Тайван транспорт ва коммуникациялар вазирининг ўринбосари Ван Госай 2 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
«Поездда 496 киши, хусусан, 492 йўловчи, машинист, машинист ёрдамчиси, фаррош ва поезд менежери бўлган», — деди Ван Госай.
Унинг сўзларига кўра, «ҳалок бўлганларнинг якуний тасдиқланган сони 51 кишини ташкил этади, улар орасида бир нафар Франция фуқароси, машинист, машинист ёрдамчиси бор, 146 нафар жароҳат олганларга керакли ёрдам кўрсатилмоқда, баъзилари уйига кетган».
Иорданиядаги сиёсий таранглик
Ҳафта охирида Яқин Шарқда энг кўп муҳокама қилинган хабар Иордания собиқ валиаҳд шаҳзодаси дохил 20га яқин амалдорларнинг ҳибсга олиниши бўлди. Иордания ҳукумати «мамлакат барқарорлигига таҳдид» суриштируви доирасида қироллик собиқ валиаҳд шаҳзодаси ва яна 20 га яқин одамни ҳибсга олди. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди.Марҳум қирол Ҳусайн ва унинг тўртинчи рафиқасининг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайн Аммондаги ўз саройида уй қамоғига жойлаштирилган. Қироллик ҳукумати унинг ўз ўгай акаси қирол Абдулла II ни тахтдан ағдариш мақсадидаги эҳтимолий фитнасини текширмоқда. Бу ҳақда The Washington Post’га Яқин Шарқ разведкасининг юқори мансабли вакили маълум қилган.
Ҳукумат фикрича, фитнада қироллик оиласининг камида яна бир аъзоси, шунингдек, мамлакатдаги қабилалар сардорлари ва хавфсизлик органлари вакиллари қатнашган. Яна баъзи кишиларнинг ҳибсга олиниши кутилмоқда, деб нашрга разведка ходими анонимлик шарти билан маълум қилган.
Шаҳзода Ҳамза тўрт йил давомида Иордания валиаҳд шаҳзодаси бўлган, шундан кейин ушбу мақом ҳозирги қиролнинг тўнғич ўғлига берилган. Эҳтимолий фитна иштирокчилари ўз режаларини амалга оширишга қанчалик яқин қолгани ва улар айнан нимани режалаштиргани ҳозирча ноаниқ.
Разведка вакили режани «яхши ташкиллаштирилган» деб тавсифлади ва фитначиларнинг, афтидан, хорижий алоқалари бўлганини айтди, аммо тафсилотларни келтирмади.
Кейинроқ шаҳзода Ҳамза уй қамоғига жойлаштирилганини тасдиқлади. Унинг видеомурожаатини адвокати BBC’га тақдим этган.
«Иордания Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ёнимга келиб, кўчага чиқишим, одамлар билан мулоқот қилишим ва учрашишимга рухсат берилмаслигини, чунки мен қатнашган учрашувларда ёки менинг иштирокимдаги тадбирлар якунлари бўйича ижтимоий тармоқларда ҳукумат ёки қиролликка нисбатан танқидлар қайд этилган экан», — деди Ҳамза ибн Ҳусайн.
Собиқ валиаҳд шаҳзоданинг сўзларига кўра, у уй қамоғида бўлиб, интернет ва телефондан узиб қўйилган. Айни пайтда Ҳамза ибн Ҳусайн ҳукумат вакилларига нисбатан танқидларда шахсан айбланмаганини таъкидлади.
Шунингдек, у ҳеч қандай «чет эл фитнаси»да қатнашмаганини ва ҳукумат фаолиятини танқид қилмаганини билдирди. «Ҳукумат тузилмасида сўнгги 15-20 йилдан буён устунлик қилиб келган ва йилдан йилга ёмонлашиб борган бошқарувдаги хатоликлар, коррупция ва қобилиятсизликлар учун мен жавобгар эмасман», — деди Ҳамза ибн Ҳусайн.
Айни вақтда Иорданиянинг Петра агентлиги шаҳзода Ҳамзанинг ҳибсга олинганини рад этмоқда. Иордания Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал майор Юсуф Аҳмад ал-Ҳунайтийнинг агентлик томонидан эълон қилинган баёнотида айтилишича, шаҳзода Ҳамзадан «Иордания хавфсизлигига ҳужум қилиш учун қўлланилаётган хатти-ҳаракатлар»ни тўхтатишни сўрашган. Юқори мансабли ҳарбийнинг сўзларига кўра, «суриштирув давом этмоқда ва унинг натижалари ошкор этилади».
Петра ахборот агентлиги хабаридан ҳибсга олинган икки кишининг исми маълум бўлди, булар шериф Ҳасан ибн Зайд ва Басем Иброҳим Авадалла. Шариф Ҳасан ибн Зайд Иордания қироллик оиласига алоқадор. Араб ОАВларига қараганда, унда иккита — Иордания ва Саудия паспортлари бор. Баъзи ОАВлар қайд этишича, у Иордания қиролининг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлган. Аммо бошқа ОАВлар элчи Басем Иброҳим Авадалла бўлганини таъкидламоқда. У эса турли йилларда қироллик судига раҳбарлик қилган, қироллик канцелярияси раҳбари, молия вазири, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазири бўлган. Айни пайтда у БААда «Тамух» компанияси бош директори ҳамда Араб Банк—Жордан вице-президенти лавозимини эгаллаб турибди.
Мазкур ҳодисалар ортидан АҚШ, БАА ва бошқа мамлакатлар Иордания қиролини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. АҚШ Иордания расмий ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва қирол Абдулла II ни ўзининг асосий шериги деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Иорданияда қиролни тахтдан ағдармоқчи бўлган одамлар қўлга олингани ҳақидаги хабарлардан кейин АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Нед Прайс Twitter’да маълум қилди.
«Биз Иорданиядан келаётган хабарларни диққат билан кузатиб боряпмиз ва иорданиялик расмий шахслар билан алоқада бўлиб турибмиз. Қирол Абдулла — АҚШнинг асосий шериги ва биз уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деб ёзди у.
Бирлашган Араб Амирликлари президент ишлари вазирлиги ҳам қирол Абдулла ва валиаҳд шаҳзода томонидан Иордания хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаш борасидаги барча қарор ва чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Саудия Арабистони ҳам қирол Абдулла II ни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фархон ас-Сауд Иорданиянинг барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши «бутун минтақа барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши учун асос» ҳисобланишини айтиб, уни «қатъий ва мустаҳкам» қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, Кувайт, Баҳрайн, Қатар, Миср, Ливан, Ироқ, Яман, Фаластин, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Араб давлатлари лигаси ҳам Иордания қироли билан бирдамлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)