Самарқанд вилояти Ургут туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатда икки нафар йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар берди.
Маълум қилинишича, 29 март куни кеч соат 19:00 ларда М39 Олмаота—Тошкент—Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ургут туманидан ўтувчи 1103-километрида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Самарқанд—Қарши йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган Gentra автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Cobalt’га бориб урилган.
Тўқнашув оқибатида ҳар икки автомашинанинг олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган фуқаролар вафот этган. Ҳайдовчилар эса турли тан жароҳатлари билан Ургут тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Ургут туман ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда Cobalt қарама-қарши йўналишдаги Lacetti’га урилиши оқибатида икки киши вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)