Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 28-сессиясида давлат раҳбари Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкинлигини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мен ҳозир сизларга бир сирни айтаман: бугун ўзим билан харита олиб келганман. Унга кўра, Тошкент вилоятини иккига бўлишни режалаштириб турибман. Мана, ҳаммаларингиз жим бўлиб қолдингиз. Бундай гап ёқмайди сизларга. Аммо Конституция бўйича шундай ҳуқуқ менга берилган: таклиф беришим мумкин.

Биринчидан, вилоятнинг жойлашуви ноқулай: Ангрендан Бекободга етгунча анча вақт кетади. Иккинчидан, хафа бўлманглар, вилоятда бирдамлик йўқ. Бошқа вилоятларда кўп туманларнинг гапи бир жойдан чиқади. Бугунги замонда 22 та ҳудудни бирданига бошқаришни валламат ҳоким ҳам эплай олмайди, албатта.

Ҳозирча бу режани амалга оширмай тураман. Ҳозир Ҳидоятов номзоди ҳоким этиб тасдиқланди, яна бир марта имкон бериб кўрмоқчиман.

Агар хоҳласак ва ҳаракат қилсак, Тошкент вилоятида 150 мингта иш ўрни яраца бўлади. Бу вилоят бошқа вилоятлардаги ишсизларни ҳам иш билан таъминлаши мумкин. Ҳамма шароит бор. Бугундан бошлаб ҳаммамиз бирлашиб, вилоятни ривожлантирамиз ёки вақт ўтиб, бошқача қарор қабул қиламиз. Очиғини айтаман, вилоятни иккига бўлсак, қандай ном беришни ҳам ўйлаб қўйганман.

Охирги марта имкон бераман. Ишга нолойиқлигини тан олишни истамайдиган, аммо барибир ариза ёзмайдиган, лавозимни яхши кўрадиганлар ишга киришмаса, охирги чорани кўрамиз», — деди давлат раҳбари.