Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 28-сессиясида давлат раҳбари Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Рустам Холматовнинг ўз хоҳиши билан лавозимидан кетганини қайд этди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Очиқ гап, Холматов ишдан бўшаш бўйича ўзи ариза ёзди, унга ҳеч ким ишдан кет, дегани йўқ. У бугунги замоннинг оғир-оғир талабларини, вилоятга қўйган жуда катта марраларимизни кўрди. Холматов олдимга бориб, ‘Ҳурматли Президент, иш давомида сизнинг талабингизни бажариш ва ҳозирги даврга мос бўлиш учун салоҳиятимни имкон қадар ишга соляпман, аммо бўлмаяпти. Мен пахта, ғаллани ичида юрган эканман. Лекин сизнинг бугунги талабингиз ғалла, пахта эмас, халқ манфаати ва вилоятдаги муҳитни мутлақо ўзгартириш кераклигини билдим’, деб айтди. Аммо мен унга ўзига яраша иш бердим, ҳозир ишини давом эттиряпти», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов лавозимидан озод этилганди . Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Март ойининг бошларида Тошкент вилояти ҳокимининг уйида чироқ ўчгани тўғрисида хабар берилганди. Даврон Ҳидоятовнинг сўзларига кўра, чироқ хизмат уйида қарздорлик борлиги сабаб ўчирилган. «Мендан аввал бу уйда яшаганлар электр ҳақини тўламаган», — деган эди у.
Изоҳ (0)