АҚШ президенти Жозеф Байден ABC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Россия президенти Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» — деган саволига тасдиқ жавобини берди, деб ёзади Meduza. «Ммм, ҳмм, ҳа», — дея жавоб қилди Байден ундан интервью олаётган Жорж Стефанополуснинг саволига.

Шунингдек, АҚШ президенти Путин Америкадаги сайловларга аралашгани учун «жавоб бериши»га ишонч билдирди.

Байденнинг сўзларига кўра, январь бошида у Путин билан телефон орқали мулоқот қилган, шунда у Россия президентига: «Мен сизни биламан, сиз мени биласиз. Агар шу нарса (Россия аралашуви) рост бўлиб чиқса, унда (оқибатларга) тайёр туринг», — деган.

Байденнинг Путин ҳақидаги гапларидан кейин Москва биржасида Россия рублининг курси пасайиб кетди.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маслаҳатлашув учун Москвага чақирилди. У 20 март куни учиб келиши кутилмоқда. Маслаҳатлашувлар «АҚШ билан муносабатлар борасида қандай иш тутиш ва қайси томонга ҳаракатланиш»ни тушуниб олиш мақсадида ўтказилади, — дея ТИВда маълум қилинган.

«Американинг янги маъмурияти ҳокимият тепасига келганига қарийб бир ой бўлди, яқинда 100 кунлик маррадан ўтилади, бу эса Жо Байденнинг жамоаси нимани қойиллатиб, нимани бажара олмаётганини баҳолашга уриниб кўриш учун яхши баҳона. Биз учун асосийси — сўнгги йилларда Вашингтон томонидан боши берк кўчага киритиб қўйилган ва оғир аҳволдаги Россия—Америка алоқаларини тузатиш йўллари қандай бўлишини аниқлаб олиш», — дейилади муассаса хабарида. ТИВ икки томонлама алоқалар «ортга қайтариб бўлмайдиган деградация»га юз тутишига йўл қўймасликдан манфаатдорлигини қайд этди.

АҚШ эса Россия билан муносабатларда очиқдан-очиқ йўл тутиб, Вашингтонни хавотирга солаётган масалаларни дангал муҳокама қилиш ниятида эканини Оқ уй расмий вакили Жен Псаки маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Байден маъмуриятининг Россия билан муносабатларга ёндашуви Дональд Трамп жамоасидан фарқли бўлади. Байден Россия вакиллари билан бевосита алоқаларда ҳам, жамоат олдидаги чиқишларида ҳам кескин мавзуларни четлаб ўтмоқчи эмас, деди Псаки.

Шу билан бирга, Псакининг айтишича, манфаатлар мос тушадиган баъзи масалаларда Вашингтон Москва билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Мисол сифатида у ҳужум қурол-яроғларини чеклаш бўйича келишувларни келтириб ўтди.

АҚШ Миллий разведкаси 16 март куни ҳисобот эълон қилди, унга кўра, АҚШда 2020 йилги президент сайловлари чоғида Россия ҳукумати Демократик партия номзоди Жо Байденни «бадном қилиш» кампаниясини уюштирган. Россия раҳбарияти сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини пасайтириш, Дональд Трампни қўллаб-қувватлаш ва Қўшма Штатлардаги ижтимоий-сиёсий келишмовчиликларни кучайтиришга қаратилган «таъсир операцияларини» ўтказган. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу ҳаракатларга Россия президенти Владимир Путин рухсат берган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ва Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳукуматининг АҚШдаги сайловларга аралашуви ҳақидаги айбловларни бутунлай рад этди. Песковнинг фикрича, ҳисоботни эълон қилиш орқали Россияга қарши навбатдаги, янги санкциялар масаласини кун тартибига киритиш учун баҳонага эга бўлмоқчи бўлишган.