Tesla ва SpaceX компанияларининг раҳбари, америкалик миллиардер Илон Маск май ойида Қозоғистон талабалари олдида чиқиш қилади. Ташкилотчилар у билан учрашув етти ой давомида келишилганини айтган. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
«Мен Европа Иқтисодиёт, бизнес ва ҳуқуқ олий коллежининг таъсисчисиман. Масофавий ўқитиш бошланганида, талабаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини йўқотмаслик учун биз чет эл ўқитувчиларини дарс жараёнларига жалб қила бошладик. Улар ҳар ҳафта маъруза ўқиди.
2020 йилнинг сентябрь ойида биз Илон Маскни таклиф этишга қарор қилдик. Ҳаммаси тез ва осон битади деб ўйлаган эдим. У билан боғлана бошладик, лекин афсуски, ёзишмаларимиз етти ойга чўзилиб кетди ва кеча ундан жавоб хати олдик, у талабаларимиз билан 15-20 дақиқа учрашишга тайёр. Унинг иш режаси бутун йил учун тузилади», — деди Талгат Туремуратов.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу қозоғистонлик талабалар учун яхши рағбатлантириш. Энди Маск билан учрашишни истаган талабалар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Европа Иқтисодиёт, бизнес ва ҳуқуқ олий коллежининг талабалари билан бирга, бошқа таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этади.
«Учрашув 1 май куни Zoom платформасида бўлиб ўтади. Биз талабаларнинг технология, бизнес бўйича қизиқтирган саволларини беришини хоҳлаймиз», — деб қўшимча қилди Талгат Туремуратов.
Шунингдек, Илон Маск Россия президентини Clubhouse ижтимоий тармоғи орқали мулоқот қилишга таклиф этган эди.
Аввалроқ Tesla акциялари деярли 20 фоизга қимматлашиб, Илон Маскнинг бойлиги бир кун ичида рекорд даражада — 25 млрд долларга кўпайгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)