Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани «Фирдавсий» маҳалласи Инжобод кўчасидаги уйда 27 февраль куни соат тахминан 20:50 да беш нафар талабанинг мурдаси номаълум моддадан заҳарланиш аломатлари билан топилган эди. Талабаларнинг ўлимига айнан нима сабаб бўлгани ҳали ҳам ошкор қилингани йўқ. Ушбу фожиадан сўнг талабаларни ётоқхона билан таъминлаш муаммоси парламент даражасида муҳокама қилинди, ректорлар ижарада яшайдиган талабаларнинг ҳолидан хабар ола бошлади, фожиадан кейинги кунларда бир қатор университетлар талабалар учун мўлжалланган янги турар жойларни фойдаланишга топширди.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган бешала талабанинг бари Андижон вилоятидан эди. «Xabar.uz» журналисти Барно Султонова Андижон вилоятида бўлиб, марҳум йигитларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлди. «Дарё» «Xabar.uz»да эълон қилинган материални тўлиқ эътиборингизга ҳавола қилади.
Беш талаба. Беш она. Беш мусибат. Тинчлик замонида ўлишга ҳаққинг йўқ эди, болам!
Мусибат бўлаётган хонадонга журналист сифатида кириб боришдан оғири йўқ. «Сизни ёзмоқчиман, ютуқларингиз билан ўртоқлашинг», деб қанчадан-қанча қаҳрамонларни кашф қиламиз. Лекин мусибатзада одамларга нима дейсиз... Улар билан учрашганда, аввало, нигоҳларига қарашга ботинолмайсиз, кейин тилингиз калимага келмайди.Қишнинг сўнги кунларида Тошкентнинг Юнусобод туманида ижарада яшаётган беш нафар талаба номаълум моддадан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Тошкент ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари Мавлонбек Усмонов, Раҳматуллоҳ Солиев, Давронбек Ғофуров, Сингапур менежментни ривожлантириш институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Иброҳимов ҳамда Тошкентдаги Инҳа университети 1-босқич талабаси Сардор Ҳакимжонов — уларнинг ҳаммаси Андижон вилоятидан.
Ўлим хабари, тафсилотлари эшитишга ҳам, айтишга ҳам, хабарлашга ҳам азобли ҳақиқат. Энди бу болаларнинг яқинлари аҳволини тасаввур қилаверинг.
Мана, битта партада ўтирган, битта синфда ўқиган Андижон давлат университети академик лицейи йигитлари. «Болалар ҳақида гапирадиган ўқитувчилар керак» дейишимиз билан одатда ҳар доим интервью беришда ўзини четга оладиган қаҳрамонларимиз бу сафар «Мен Сардор ҳақида гапирмоқчи эдим», «Мен Оятуллоҳнинг ҳеч кимга ўхшамаган томонларини айтсам майлими?», «Раҳматуллоҳ йўлбошчи эди, ҳамма болаларни ортидан эргаштирган, тил ўрганишга қизиқтирганди, унга ҳавас қилиб эргашганлар кўп эди», дея шошилишди...
Дилноза Мирзаева, математика фани ўқитувчиси, куратор: «Бу ўқувчилар мени фарзандларим, дўстларим эди. Шу хабарни эшитган кундан бери на ўтираримда, на тураримда ҳаловат бор. Сардорим, Раҳматуллоҳим, Оятуллоҳим... орамизда йўқ энди. Ўзбекистон келажакда элу юртга фойдаси тегадиган яхши мутахассислардан ажради, улардан яхши инсонлар чиқарди, Ўзбекистон шунчаки талабадан эмас, беш нафар катта-катта ҳарфлар билан ёзишга арзийдиган инсонлардан айрилди».
Санобар Сиддиқова, физика фани ўқитувчиси: «Бу болалар бошқача эди. Шўх бўлса ҳам, шўхлиги ўзига ярашган, безарар тўполончи болаларим эди улар. Раҳматуллоҳ кўзингизга қараб, нима демоқчи эканлигингизни билиб турарди. Уларнинг орзулари олам-олам эди, мақсадлари катта эди. Бугун юртимизга қандай касб фойда келтиришини, қайси касбни танласа келажаги порлоқ бўлишини олдиндан билган пишиқ болалар эди. Ҳаммаси ўз кучи билан ўқишга кирган, интилувчан болалар эди. 8 мартда бизни табриклашга келмоқчи эди, бирга йиғилиб ўтирмоқчи эдик».
Лицейда ҳар бир ўқитувчидан бу болалар ҳақида илиқ гаплар эшитдик. Бизни кузатиб қўйганлар бу ўқувчиларнинг бемаврид кўчада санғишга вақти йўқлигини, бирортаси зарарли одатларга ошно бўлмаганини, ишкал чиқариб, биров билан жанжаллашмаганини, рус ва инглиз тилларини ўрганишга қатъий бел боғлаганини, оддий қишлоқ одамларининг буюк келажакни олдига мақсад қилган болалари эканлигини бири қўйиб, бири гапирди.
Гулшаной Исроилова, Раҳматуллоҳнинг онаси: «Менинг ширинтой болам, менинг асал болам! Болажонимнинг орзулари жуда кўп эди. Тил ўрганаётганди, дастурлашни ўрганаётганди. Уйни ишигаям бирдай қарашарди. Севган фанлари физика, математика эди. Биргина ёлғиз ўғлим эди! У қизларимга тиргак эди. Мен ҳам ўқитувчиман. Ўғлим учун она эмас, талабчан ўқитувчи бўлганим учун лицейни ҳам қизил дипломга битирганди. Ундан умидим катта эди. Ўқувчиларимга яхши ўқинглар, яхши ўқисаларингиз ўғлимга ўхшаб институтга кирасизлар, деб фахрланардим, ўғлим бошқалар учун ўрнак эди. Энди бу гаплар билан болаларни қандай руҳлантираман?! Қизим ҳам бўлғуси ўқитувчи, у энди келгусида ўқувчиларига «яхши ўқисаларинг, институтларга кирасизлар», деб қандай айтади?! Шу гапни ўқувчиларимизни руҳлантириш учун айтаётганимизда улар бизга фарзандингиз ёки укангиз яхши ўқиб институтга кириб нима бўлди, деган саволни бермайдими? Бермаган тақдирда ҳам, нигоҳларида бир умр шу савол қотиб қолмайдими? Қаранг, мен ўғлимнинг тўйига сарпо қилиш ўрнига бугун гўрковга тугун қилиб ўтирибман».
«Мен ҳам талабаман, — дейди ғамдан юзлари қорайиб кетган Раҳматуллоҳнинг опачаси Одинахон. — Мен ўқиганларни қадрлайдиган оилага келин бўлганман, эгиз фарзандларим бор, уларга қайнонам қарайди, мендан кейин бир синглим талаба, бир синглим академик лицей ўқувчиси. Айтмоқчиманки, биз худди укам каби илм олишга ташнамиз, аммо ҳеч биримиз учун ётоқҳона мавжуд эмас. Мени бир армон қийнайди — агар укам ҳамма қатори ётоқхонада яшаганида, ўлмасмиди? Ўйлайман, укамнинг шунча хатти-ҳаракатлари, шунча меҳнатлари, ўқишга кириш учун беҳаловат ўтказган тунлари биргина бефарқлик сабаб изсиз йўқолдими?».
Муножот Жиянбекова, Давроннинг онаси: «Тўрт қизимдан кейин топган ёлғиз ўғлим эди. Биз Гулшаной билан ёнма-ён қўшнимиз, унда ҳам ёлғиз ўғил, менинг ҳам ёлғиз ўғлим, ака-ука эди улар. Гўёки мен икки ўғлимдан ажрадим, ака-ука бир кунда кетгандек мен учун. Бир кўчада яшади, бирга катта бўлди, бир лицейда ўқиди, бир хил касбни танлади, бир квартирада ижарада турди. Булардан яхши қадрдон дўст ҳам чиқарди келажакда. Болаларимизга қўшилиб ажойиб дўстлик ҳам ўлди, ерга кўмилди. Мен Гулшанойни кўрганимда ўзимни кўргандек дардим янгиланаверади. У мени кўрганида Раҳматуллоҳни эслайверади. Бизнинг ярамиз нафақат янгиланади, балки ҳеч қачон эскирмайди, ҳеч қачон тузалмайди. Бир-биримизга қараган нигоҳларимиздаёқ, бир-биримизнинг ҳовлимизга кўзларимиз тушгандаёқ бу яра тирналаверади, кўчаверади, қонайверади. Болам бировнинг кўзига тик қараган бола эмас эди. Айтинг-чи, шундай яхши, шундай чиройли, қад-қомати келишган бола ҳам ўладими, ўладими? Мен ҳозир карахтман, одамлар нега йиғилган, нега уввос солади? Назаримда ўғлим ҳар доимгидек, табассум билан кириб келадигандек. Охирги келганида 5 мингта карам уруғини қадашиб бериб кетувди. «Онагинам, опамлар узоқда туради, боғни иши сизларга қолиб кетмасин», деганди. Бу карамлар ҳосилга кирса, қандай томоғимдан ўтади?! Кўчада саёқ юрмасди, китобдан бош кўтармасди, футболга борса ҳам сўраб кетарди».
Қатор ўтирган опачаларининг кўзидан ёш тинмайди. «Айланайин укажоним бирам яхши эди, — дейди опаси Шоҳсанам.— Дадамдан кейинги ўринда турадиган суянчиғимиз эди, кулиб турарди, қатор-қатор қизлардан кейин дунёга келган бўлса-да, сира тантиқ эмасди, — қўлидаги суратни силаб, нигоҳлари билан эркалайди, бағрига босиб, ўпиб қўяди. — Ишонгимиз келмаяпти, опа, шундай укамнинг, шундай келбатли укамнинг энди йўқлигига! Ўқишдан келса, уйимиз тўлиб кетарди, биз ҳам ҳар ёқдан укамни дийдорини кўриш учун ошиқардик. Менинг шундай укам бор, деб фахрлансак арзигулик эди. Тўйи бўлса, уйланса, биз севимли амма бўлардик, аммо бизни ҳеч қачон жиянларимиз бўлмайди, амма деган сўзларни эшитмаймиз. Қўли теккан нарсалар кўкарарди, эккан гуллари бу йил ҳам гуллайди, эккан дарахтлари мева тугади, лекин укамни ўзи йўқ энди».
Бу ердан учинчи хонадонга йўл олдик. Борган сари елкамиздаги оғир, мусибат юки босиб бораётгандек эди.
Умида Ғуломова, Оятуллоҳнинг онаси, Булоқбоши тумани: «Мен интервью бермоқчи эмасдим, аммо болам ўлганда ҳам ўртоқлари билан бирга эди, қаторидан қолса бўлмас. Мана шу уй-жойлар ким учун — шу болаларимиз учун. Ким учун яшаймиз, ким учун ҳаракат қиламиз, ким учун ҳаётимиз мазмунли — мана шу болалар учун. Бир кунда барча орзуларим, барча умидларим чил-чил синди. Менинг болам ўлди, бошқа оналар болам, деб йиғламасин. Оналар болаларини мусофирликка ишониб жўнатсинлар, бу жуда оғир йўқотиш, бундан буёғига бу юк, бу дард билан қандай яшайман?».
16—17 ёшлардаги қизгинанинг кўзлари шишиб кетган. Моҳина Оятуллоҳнинг синглиси экан. Лицейда ўқиркан, акаси уни ўқишга кириш учун тайёрлантираётган экан. «Синглисини ўқишга киришига ёрдам бермоқчи эди, ортидан эргаштирмоқчи эди», — дейди Оятуллоҳнинг бувиси Солия хола.
Орзухон Жамолова, Мавлонбек Усмоновнинг холаси: «Жияним, болам қатори бўлиб кетган болажоним ҳақида гапираман — холасиман. Онаси тилдан қолгандек, ўзини билмайди, эслатмайлик, ҳозиргина тинчиди. Мавлонбек менинг ҳам болам эди. Олдимизда катта бўлган бола эди». Орзухон опа бизга интервью бераётгани учун болажоннинг гавдасидек катта суратини тўсиб қўйди, шунда 83 ёшли Саломат буви аёлнинг орқасидан неварасига интилиб қарайверди-қарайверди, худди бувисининг нигоҳлари тушмаса болажон хафа бўладигандек. Кетгунимизча юз марталаб қайрилиб қарагандир, неварасининг тўрда турган суратига...
Авазбек Бўлишев, Мавлонбекнинг амакиси: «Мана шу онам бу болани елкасига кўтариб катта қилганди, кўз олдимизда катта бўлганди. Катталарни орасида ўсгани учунми, фикрлаши ҳам катталарникидек эди. Мана шу болаларимизни ишониб топшириб қўйганлардан сўрайдиганим — ишларига масъулиятли бўлса, фарзандларимизнинг орасига кириб борса, шароитлар яратиб берса. Биз Ўзбекистон учун муносиб фарзандларни вояга етказиб, уларни яхши одам қилиб, қаторга қўшаётган пайтимизда бефарқлик, лоқайдлик, назоратсизлик туфайли алпқомат йигитлар ўлиб кетаверса, бу қандай ҳол, қандай кўргулик?».
Абдулазиз Саидов, Андижон давлат университети қошидаги лицей инглиз тили фани ўқитувчиси: «Ўқувчиларингдан бир эмас, тўрт нафари ҳақида бирдан нохуш хабар эшитсанг, ғалати бўлиб кетаркансан. 2019 йили талаба бўлиб, Тошкентга кетишган эди. Биттаси Инҳа университетига, қолганлари ТАТУга қабул қилинганди. Мусофирчиликда ўқиётган эди. Қўрғонтепалик Сардорга ва булоқбошилик Давронга инглиз тилидан сабоқ бергандим. Интилиши ва қизиқиши кучли, билимли, лицейимизнинг фахрли ўқувчилари эди улар. Намунали олийгоҳларга ўқишга киргани уларнинг яхши ўқиганидан дарак. Энг муҳими, ота-оналарига Аллоҳим сабр берсин».
Жуда оғир юк, жуда оғир таассуротлар билан ортга қайтаяпмиз. Очиғи, ким билан нима ҳақида суҳбатлашганимизни таҳлил қилишга-да хаёлларимиз чалкашиб кетди. Фақат кўз олдимда карахт ўтирган онани, беш ўғлонидан айрилган қадди дол, ҳардамхаёл, ҳали ҳам ёмон туш кўряпман, дея ўзини алдаб ўтирган онаизорни кўрдим. Уларнинг исмларини йўл-йўлакай хотирамда тиклашга ҳаракат қилдим. Мана, Муножот опа, Гулшаной опа, бошини юз марталар қайрилтириб, неварасининг деворга тиркаб қўйилган суратидан нигоҳларини уза олмаётган Саломат буви — кўзларида чексиз қайғу, чексиз мусибат.
Уларни эзаётган, шубҳалантираётган, гумонлантираётган саволлар кўп, жуда ҳам кўп эди. Қулоғимда уларнинг шикаста овозлари такрорланади:
- «Ўғлимнинг охирги гапи: ‘Онажон, пицца олдик, энди хонага кириб овқатланмоқчимиз’»;
- «Онажон, душанба куни контрактимни тўлайман»;
- «Укам кечаси билан дарс қиларди, ўша куни тунги соат 02:30 гача онлайн бўлган»;
- «Ўғлимнинг телефони тунги 23:00 гача онлайн турган, нима бўлган экан-а?»;
- «Ўғлимнинг қўллари теккан компьютерлари, телефонлари қолиб кетди ижарасида, уни хотиралари қолиб кетди ўша мудҳиш уйда»;
- «Укам ҳеч қачон чекмаган, ичмаган, зарарли одатлардан нафратланган йигит эди»; «Жуда ёмон иш бўлди, неварагинамнинг ўлими жуда катта мусибат бўлди»;
- «Нега ҳалигача номаълум моддадан заҳарланган деб, аниғини айтишмайди? Ахир газдан заҳарланса, мутахассислар орқали лаборатория текширувларини ўтказиш мумкин-ку, синаб кўриш мумкинки қандайдир йўллар билан!»;
- «Агар овқатдан заҳарланса, еган овқатларининг қолдиқларидан текшира оладиган аппаратлар бор, XXI асрда, техника асрида яшаймиз, наҳот аниқлаб бўлмаса?!».
Бу Ўзбекистон Оналарининг, Ўзбекистон Онаизорларининг ҳайқириғи эди: «Тинч замонда, осмони мусаффо юртда ўлишга ҳаққинг йўқ, болам!».
Барно Султонова, «Xabar.uz»
Изоҳ (0)