Facebook компанияси АҚШда 2020 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлардан кейин сиёсий рекламалар учун жорий қилинган тақиқ бекор қилинганини эълон қилди. Аввалроқ худди шундай қарор Google томонидан ҳам қабул қилинган эди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
«Биз Қўшма Штатлардаги сиёсат, сайловлар ва жамоат масалалари билан боғлиқ рекламалар намойишини тиклаймиз. Ушбу вақтинчалик тақиқ 2020 йил ноябрдаги сайловдан кейин чалкашлик ва тартибсизлик бўлмаслиги учун киритилган эди», — дейилади Facebook хабарида.
Facebook реклама берувчиларга 2020 йил сентябрь ойининг бошида, сайловдан бир ҳафта олдин янги сиёсий рекламаларни қабул қилишни тўхтатишини айтган эди. Сентябрь ойининг охирида Google ҳам ўз реклама берувчиларига 3 ноябрь куни сайлов участкалари ёпилгандан кейин сиёсий реклама чиқармаслигини маълум қилди. Ноябрь ойида Facebook ва Google сиёсий рекламалар учун тақиқ муддатини узайтирди.
Аввалроқ Facebook Австралияга оид янгиликларни улашишга қўйилган тақиқни бекор қилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)