Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ)ларни расмийлаштириш муддатлари кечиктирилганлиги учун жарималар қўлланилишини 1 апрелга қадар узайтирди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Дарё»

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, аввалроқ ЭҲФларни расмийлаштириш муддатлари кечиктирилганлиги учун жарималар қўллашни 1 мартдан бошлаб жорий этиш режалаштирилганди, аммо «обналчилар» билан боғлиқ вазиятдан сўнг ДСҚ раҳбари Шерзод Кудбиев унинг муддатини бир ойга кечиктиришга қарор қилди.

Шундай қилиб, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўтган даврлар учун ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш имконияти бўйича чекловлар бекор қилиниши режалаштирилмоқда, лекин шу билан бирга товарларни (хизматларни) расмийлаштирмасдан реализация қилганлик ва электрон ҳисобварақ-фактураларни ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли жарималарга тортилади.

Қўмитанинг эслатиб ўтишича, товарларни (хизматларни) жўнатилган санада ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирмаслик, шунингдек, ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилмаган товарларни (хизматларни) сотиб олиш солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади ва яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20 фоиз миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Солиқ кодексининг 223-моддаси).

Шу муносабат билан, жавобгарликка тортилиш хавфининг олдини олиш учун ДСҚ ўз вақтида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва электрон шаклда тақдим этишни сўраган. Товарлар жўнатиш ёки хизматлар кўрсатишда ҳисобварақ-фактура, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санасида расмийлаштирилиши лозим.

«Дастур шундай ишлайди: масалан, сиз ўтган давр учун ЭҲФ расмийлаштирмоқчисиз, ‘20 фоиз жарима тўлашга розимисиз ёки йўқ’, деган хабарнома оласиз. Агар рози бўлсангиз, жаримани тўлайсиз, агар норози бўлсангиз, шу куниёқ ЭҲФ расмийлаштирасиз», — деб тушунтирган ДСҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев.

Электр ва (ёки) иссиқлик энергиясини, сувни, газни, коммунал хизматларни, алоқа хизматларини, темир йўл транспортини, транспорт-экспедиторлик хизматларини, қувурларда ташиш тизими орқали юкларни ташиш бўйича хизматларни реализация қилишда, шунингдек, бошқа ҳолатларда товарлар (хизматлар)ни доимий (узлуксиз) равишда реализация қилишда, ҳисобварақ-фактура календарь ойининг охирги кунида маълум бир ой ичида етказиб берилган маҳсулотлар (кўрсатилган хизматлар)нинг бутун ҳажми учун бир марта расмийлаштирилади.

Бундай ҳолда, ҳисобварақ-фактура реализация қилинган ойнинг охирги санасида расмийлаштирилади ва товарлар (хизматлар) сотилган ойдан кейинги ойнинг 10-кунигача (яъни 9-кунни ҳисобга олган ҳолда) расмийлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 июлдан бошлаб ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий тартибда жорий этилди.