Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда сиам эгизаклари дунёга келгани тўғрисидаги тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда сиам эгизаклари дунёга келгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Унда онада ҳомиладорлик давридаги шамоллаш туфайли эмбрион ҳужайраларида юз берган ўзгариш сабаб чақалоқ шу аҳволда дунёга келган, дейилган.
Вазирлик матбуот хизмати вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нилуфар Мансурова билан боғланган. Масъул ходимнинг маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистондаги бирорта муассасада бундай туғруқ қайд этилмаган.
«Шу сабабдан ҳам вазирлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан ва интернет саҳифалари маъмурларидан ёлғон ва асоссиз хабарлар тарқатмасликларини сўраб қолади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 25 июнида Самарқанд вилоят перинатал марказида икки бошли чақалоқ дунёга келган эди. 6 июлда чақалоқлар нафас ва юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этганди.
Изоҳ (0)