Ўрта Ер денгизининг Исроилдаги соҳилига ўнлаб тонна мазут чиқиб қолган. Мамлакат ҳукумати тарихдаги энг катта экологик фожиа бошланганини маълум қилган. Юзлаб денгиз жониворлари ҳалок бўлган, зарарланган ҳудудни тозалашга бир неча йил вақт кетиши мумкин. «Korrespondent.net» ҳодиса тафсилотлари ҳақида маълумот берган.

Фото: EPA

Ўтган ҳафтада кузатилган кучли бўронлардан кейин қарийб 200 метр масофага чўзилган Исроил соҳилининг катта қисмида мазут қолдиқлари топилди.

Фото: Getty Images

Бўрон янги мазут қолдиқларини Ўрта Ер денгизининг Исроилдаги соҳилига улоқтиришда давом этмоқда. Ҳукумат аҳолидан мазкур соҳиллардаги пляжларга бормасликни сўраган.

Фото: Getty Images

Зарарланган ҳудудларда ўлик балиқлар, тошбақа ва қушларнинг қора тусдаги жасадлари топилмоқда. Шунингдек, пляжлардан бирида 17 метр узунликдаги финвал китининг жасади топилган. Наҳанг ёриб кўрилган вақтда унинг танасида қора суюқлик борлиги аниқланган. Бироқ ҳукумат китнинг ўлимига ёнилғи ютиб юбориш сабаб бўлганлиги борасида аниқ далиллар йўқлигини қайд этган.

https://www.facebook.com/watch/?v=230522118534699&т=32

Минглаб аскарлар ва волонтёрлар соҳилни чиқиндидан тозалаш ишларини амалга оширмоқда. Маҳаллий ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳудудни тўлиқ тозалаш учун бир неча ой ва ҳатто йил талаб этилиши мумкин.

Исроиллик амалдорлар қор бўрони нефть қолдиғининг қаерга тушишини топишга халал бергани ва шу сабабли ҳам мамлакатда мазкур ҳодиса оқибатларига етарли даражада тайёргарлик кўрилмаганини таъкидлаган.

Фото: Getty Images

Мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг фожиани ўрганиш юзасидан ўтказган махсус кузатув парвози вақтида ушбу идора ходимлари мазут қолдиқларининг соҳилдан 200-500 метр оралиқдаги жойларда, сув юзасида мавжудлигини кўришган.

Фото: EPA

Экспертлар нефть маҳсулотининг қолдиқлари оқибатида атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори катастрофик экани, экотизимнинг қайта тикланишига йиллар кетиши мумкинлигини айтган.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

«Нефть маҳсулотлари ғайриоддий даражада кўп. Бизнинг ҳудудда соҳилнинг ифлосланиш кўрсаткичи ҳеч қачон бу қадар ёмон бўлмаган. Соҳилни тозалаш ва бу ердаги экотизимнинг эски ҳолатига қайтиши учун ўн йиллаб вақт кетиши мумкин», – деган Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси денгиз экологи Рут Ягел.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Ягелнинг сўзларига кўра, нефть маҳсулотининг оқиши оқибатида биринчи навбатда денгиз шиллиқ қуртлари, тошбақалар, моллюскалар, қисқичбақалар ва денгиз ўтлари талафот кўрган.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

«Ифлосланиш экотизимга жиддий зиён етказиши, яъни дельфинлар, акулалар ва катта тошбақаларнинг ҳаётини ҳам хавф остида қолдириши мумкин», – деган эколог.

Бундан ташқари, нефть маҳсулотларининг денгиз соҳилларига тушиши ер ости сувларига ҳам зарар олиб келиши эҳтимоли юқори.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Экспертлар Исроил соҳили яқинидаги денгиз сувида чўмилишнинг инсон саломатлигига зарари борасида муайян фикр билдириш қийинлигини таъкидлаган, бироқ ҳукумат пляж атрофида сайр қилмаслик, спорт билан шуғулланмаслик ёки 16 та энг ёмон ифлосланган ҳудудларда дам олмасликни тавсия қилган.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Шунга қарамай, минглаб исроилликлар пляжларга етиб келган ва соҳилларни мазут қолдиқларидан тозалаш ишларида қатнашмоқда. Айрим кўнгиллилар заҳарли моддалар таъсирига тушгани сабаб шифохонага ҳам ётқизилган.

Экологик фожиа содир бўлган ҳудудга мамлакат бош вазири Бинямин Нетаньяху ҳам келган ва ҳодиса оқибатларини ўрганган.

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

Фото: Исроил қўриқхоналар ва миллий парклар бошқармаси

«Исроилга келган Миср энергетика вазири билан мазкур масалада суҳбатлашдим. Кемаларни газ моторли ёнилғида ишлатиш, нефть маҳсулотларининг атроф-муҳитга зарар етказаётгани борасида фикр алмашдик. Менимча, бошқа мамлакатлар ҳам бизнинг сафимизга қўшилса, бир неча йил ичида бу борада ўзгаришлар қила оламиз», – деган Исроил ҳукумати раҳбари.

Исроил ҳукуматининг аъзолари соҳилнинг ифлосланишига соҳил яқинидаги кемалар сабабчи эканини тахмин қилган. Амалдорлар ҳодиса айбдорларини топиш бўйича барча ишлар амалга оширилиши ва чоралар кўрилишини ваъда берган.

Фото: Flash90

Жами тўққизта кема ишга алоқадор экани гумон қилинган, улар ўтган ҳафтада соҳилдан 50 километр узоқликда сузиб ўтган, дейилади Israel Hayom хабарида.

Аммо Green Ocean компанияси вакили Вадим Манов бўронлар сув сатҳида сақланиб қолган ва денгизда сузган кемаларда ишлатиб бўлингач сувга тушган мазутни соҳилга чиқариб ташлаган деб ҳисобламоқда.

Манов бу борада бир нечта муҳим жиҳатни санаб ўтган ва қуйидагича саволлар берган:

1. Нима учун нефть маҳсулотининг доғлари сувда кўринмаган?

2. Нега мазут қолдиқлари соҳилга чиқиб қолган?

3. Ҳодисанинг бўронга алоқадор жиҳати қандай?

4. 300 тонна ёнилғидан 160 километрлик майдон зарарланиб қолиши қандай юз берган?

5. Нима учун греклар, кипрликлар ва турклар бу воқеалардан бехабар? (Ливан, Сурия, Миср, Ғазо сектори ОАВлари ҳам бу ҳақда ахборот бермаган)

Эксперт Исроилда кемалар билан ишлашнинг меъёрлашган тизими йўқ деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам ишлатиб бўлинган мазут портлардаги қабул учун ортиқча маблағ сарфламаслик мақсадида сувга чиқариб ташланган.

У мазут қолдиғи унинг ўзидан ҳам ёпишқоқ бўлиши ва совуқ сувга тушгач тўпланиб, денгиз тубига тушиб кетиши, бўрон вақтида тўпланган қолдиқлар сув тубидан қўзғалиб, Исроил соҳилларига чиқиб қолишини айтган.

22 февралда Исроил Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги сўровига кўра, экологик фожиа юзасидан текширув тафсилотларини ошкор қилиш суд тартибида тақиқлаб қўйилган.

Суд қарорига кўра ОАВга суриштирувнинг ҳар қандай тафсилотини маълум қилиш, хусусан, гумондорлар ҳақида маълумот бериш тақиқланган. Кемалар, портлар, жўнашлар ва уларнинг манзиллари ҳақида ахборот бериш мумкин эмас.

Журналистлар бирлашмаси, Kan телерадиоэшиттириш корпорацияси ва Globs газетаси талабларни олиб ташлаш ёки нефть маҳсулотларининг соҳилга чиқиб қолиши бўйича материаллар чоп қилишга қўйилган тақиқларни юмшатишни сўраб судга мурожаат этган.