Бразилиянинг соғлиқни сақлашни тартибга солувчи Anvisa компанияси Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишга рухсат берди, деб хабар бермоқда Agence France Presse (AFP) нашрига асосланиб «РИА Новости».
«17 кун давом этган текширувдан сўнг COVID-19 вакцинасидан кенг фойдаланиш учун биринчи тасдиқни беришгани ҳақида хабар бериш менга катта мамнуният бағишлайди», – деди Anvisa директори Антонио Барра Торрес.
Қайд этилишича, Бразилия ҳукумати ҳали тасдиқланган вакцинани сотиб олмаган.
Бразилия аввал Британиянинг AstraZeneca ва Хитойнинг Sinovac COVID-19’га қарши вакциналарини фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун тасдиқлаган эди. Бундан ташқари, Anvisa халқаро COVAX механизми орқали етказиб бериладиган вакциналарни рўйхатдан ўтиш талабларидан озод қилди.
Бундан аввал Бразилияда коронавирусга қарши эмлаш вакцина танқислиги сабаб тўхтатилгани, Pfizer ва BioNTech ўз вакцинасини ҳомиладор аёлларда синашни бошлагани ҳамда шимолий кореялик хакерлар Pfizer компанияси серверларига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)