Агар одамлар эҳтиёт чораларига амал қилмаса, COVID-19 пандемиясининг учинчи тўлқини юз бериши мумкин, дея огоҳлантирди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Россиядаги вакили Мелита Вуйнович. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
«Жамоавий иммунитет ҳали етарлича шаклланмаган, инфекция тарқалишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Эҳтиёт бўлмасак, учинчи тўлқин бошланиши мумкин. Бу одамларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ», — изоҳлади Мелита Вуйнович.
Шу билан бирга, Вуйнович ҳозирги кунда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини дунё миқёсида пасайиб бораётгани ва инфекция юқтириш ҳолатлари кетма-кет беш ҳафтадан буён камайишда давом этаётганини тасдиқлади. Бироқ эксперт Россияда ниқоб тақиш режими қачон бекор қилинишини маълум қилмади ва бундай қарор учун ҳали эрта эканини айтди.
«Фикримча, шахсий гигиена ва касалликдан ҳимоя воситаси сифатида ниқоблар бир мунча вақтгача керак бўлади», — дея таъкидлади Вуйнович.
«Инфекциянинг тарқалиш тўлқини соғлиқни сақлаш тизимининг нормал ишлашига халақит бермайдиган даражага тушганидан сўнг коронавирус пандемияси тугайди ва касаллик мавсумий тус олади», — деди ЖССТ вакили.
Учинчи тўлқиннинг бошланиш хавфи эҳтиёт чораларига риоя қилиш билан боғлиқ экани ҳақида илгари бир неча бор таъкидланган. Жумладан, Швеция бош эпидемиологи Андерс Тегнелл, мамлакатда касалланиш даражаси пасайганига қарамай, одамлар чекловларга риоя қилмаса, вирус юқтириш ҳолатлари кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. «Агар чекловларни ушлаб турмасак, учинчи тўлқиннинг пайдо бўлиши хавфи катта», деган эди эпидемиолог. Швеция бош вазири эса мамлакат соғлиқни сақлаш идоралари COVID-19’нинг янги тўлқини хавфини етарлича баҳоламаганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг ноябрь ойида ЖССТ Европа мамлакатлари инфекцияга қарши кураш учун зарур инфратузилмани яратмаса, минтақада коронавирус тарқалишининг учинчи тўлқини кўтарилиши ҳақида огоҳлантирганди.
Январь ойида ЖССТ соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан коронавирусни тўлиқ мағлуб этиш қийин бўлишини айтган. У COVID-19 эндемик касалликка айланишини истисно қилмаган, унинг фикрича, вирусни бутунлай йўқ қилиш деярли имконсиз.
Аввалроқ Қўшма Штатларда COVID-19’га чалиниш ҳолати ва унинг оқибатида касалхонага ётқизилаётганлар сони камайгани ҳақида хабар қилинганди. Мамлакатда қурбонлар сони кўпайишда давом этса-да, ўлим даражаси секинлашмоқда.
Исроилда эса коронавируснинг «британча» мутацияси тарқалиши орқали болалар орасида вирусга чалиниш ҳолати икки ярим бараварга ошган. Бу эса Исроилнинг йирик клиник марказларида ихтисослашган педиатрик COVID реанимация бўлимлари очилишини талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)