Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси туғилиш даражасининг юқорилиги мамлакатдаги асосий муаммолардан бири эканини айтди. Бу ҳақда президент Исмоилия вилоятидаги бир қатор тиббиёт муассасаларининг очилиш маросимида айтиб ўтди, деб хабар беради «РБК».
«Сизга ўзингиз боқолмайдиган ва иш топиб беролмайдиган бола нимага керак? Шунинг учун ҳам аҳолининг 50 фоизи кулбаларда яшайди» — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, у аҳоли сонининг кўпайиши миллий хавфсизлик масаласи эканлигини таъкидлади. Унга кўра, агар вазият ўзгармаса ва аҳолининг йиллик ўсиш даражаси 2,4 миллиондан 400 минг кишига камаймаса, фуқаролар учун ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган миллий лойиҳаларнинг ҳеч қандай таъсири сезилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда 2020 йилда туғилиш даражаси аввалги йилга нисбатан 30 фоизга камайган. 1979 йилдан 2016 йилгача Хитой «бир оилада бир бола» сиёсатини олиб борган эди. Бунинг салбий оқибатларидан бири сифатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариши юзага келди. Энди мамлакатдаги исталган оила иккита фарзандли бўлиши мумкин.
Аввалроқ Тожикистонда 2020 йилда вафот этганлар сони 2019 йилга нисбатан 8,6 мингга кўпайгани ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, ўлимларнинг аксарияти юрак хасталиги туфайли юз берган.
Россияда эса 2020 йилда аҳоли сони рекорд даражада пасайган. Аҳоли сони 510,5 минг кишига камайиб, бу 2005 йилдан буён энг кескин пасайиш бўлган.
Изоҳ (0)