2020 йилнинг якунига қадар Хитойда интернетдан фойдаланувчилар сони 989 миллион кишига етди. Бу ҳақда Хитой тармоқ ахбороти марказига таяниб, Sinxua агентлиги маълумот берди. Хитой ҳудудида ИП манзиллар ва доменларни тақсимлаш учун масъул бўлган марказнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси даврида интернетга улана олиш имконияти 5,9 фоизга ўсиб, 70,4 фоизга етган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Тармоқ ахборот маркази 2020 йилнинг охирига келиб Хитойнинг интернет фойдаланувчилари март ойига таққослаганда 85,4 миллионга ошганини маълум қилди. Мамлакатнинг 986 миллион аҳолиси ёки интернет фойдаланувчиларининг 99,7 фоизи тармоқдан мобил телефонлар орқали фойдаланади. Қишлоқ ҳудудларида яшовчи интернет фойдаланувчилар сони мартга нисбатан 54,7 миллионга ошиб, 309 миллион кишига етди (умумий фойдаланувчиларнинг 31,3 фоизи).
Шунингдек, Хитойда коронавирус тарқалишининг дастлабки даврида Alibaba компанияси томонидан ишлаб чиқилган соғлиқни сақлаш кодлари тизими баъзи вилоятларда жорий қилинган эди. Кейинроқ бу тизим бутун мамлакат бўйлаб тарқатилди. Тизим фойдаланувчининг ҳаракатлари ва алоқаларини кузатиб боради ҳамда яшил, сариқ ёки қизил кодларни ҳосил қилади. Шунга қараб ташкилот ва унинг ходимлари тизим фойдаланувчисига нисбатан чеклов киритиш масаласини аниқлайди. «РИА Новости»нинг Тармоқ ахборот маркази маълумотларига таяниб ёзишича, Хитойнинг 900 миллион аҳолиси ушбу тизим кодига эга бўлди.
Изоҳ (0)