Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сўнгги 7 кеча-кундуз ичида коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича бутун пандемия давридаги антирекорд қайд этилганини маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».
Ташкилот маълумотларига кўра, 25 январдан 31 январгача дунёда коронавирусдан вафот этиш бўйича 96 364 та ҳолат қайд этилган. Ўлимлар сонининг деярли ярми Шимолий ва Жанубий Америкага (47 277) тўғри келади, Европада ўтган ҳафта ичида 36 674 нафар бемор вафот этди. Шу билан бирга, ЖССТ ушбу даврда COVID-19 инфекциясига чалиниш бўйича 3 686 110 та янги ҳолат қайд этилганини таъкидлади, бу 18—24 январь кунларида аниқланган ҳолатларга нисбатан 13 фоиз камдир.
Коронавирус қурбонларининг сони бўйича сўнгги антирекорд бир ҳафта олдин қайд этилган. Ўша вақтда ЖССТ 95 991 та ўлим ҳолати ҳақида хабар берган. Инфекция қурбонлари сони бўйича аввалги максимал кўрсаткич 11—17 январь кунлари қайд этилганди — 93 882 нафар киши.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён дунёда 103 866 068 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, 2 252 953 нафар бемор инфекция қурбонига айланган. Иккала кўрсаткич бўйича ҳам АҚШ етакчи ҳисобланади.
Аввалроқ АҚШда махсус итлардан спорт ўйинларида коронавирусга чалинган томошабинларни аниқлаш учун фойдаланилиши ҳақида хабар берилганди.
Хизмат итларидан COVID-19 учун «детектор» сифатида фойдаланиш сўнгги ойларда Европада фаол йўлга қўйилмоқда. Италия полицияси COVID-19 юқтириши мумкин бўлган одамларни аниқлаш учун итни ўргатишга олти-саккиз ҳафта вақт кераклигини маълум қилди. Ушбу усулнинг афзалликларидан бири шундаки, ит ҳеч қандай аломатлари бўлмаса ҳам, беморни тезда аниқлай олади
Изоҳ (0)