Вьетнамда мамлакатнинг 10 та вилоят ва шаҳарлари бўйлаб коронавируснинг тарқалишига вируснинг юқумлироқ бўлган «британча» тури сабаб бўлди. Бу ҳақда Вьетнам соғлиқни сақлаш вазири Нгуен Тхань Лонг берган маълумотга таяниб «Интерфакс» ёзмоқда.

Фото: ft.com

«Генетик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 276 та янги беморнинг 12 таси коронавируснинг Буюк Британияда пайдо бўлган штамми билан касалланган, аммо касалликни юқтириш манбаси номаълум бўлиб қолмоқда», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, шимолий Хайзионг провинциясида вирус аниқланганидан олти кун ўтгач ҳукумат касаллик ўчоғини назоратга олишга муваффақ бўлган, аммо 20 та ҳолат қайд этилган Ханойда вазиятни нормал ҳолатга келтириш кўпроқ вақт талаб этади. Вазирнинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ханойда тест ўтказиш ҳажмини кунига 40 мингтага етказиш ниятида.

Эслатиб ўтамиз, Вьетнамда оммавий тестлар ва қатъий карантин чоралари туфайли вирусга чалиниш бўйича атиги 1851 та ҳолат, касаллик оқибатида 35 та ўлим қайд этилган.

Вьетнам ҳукумати 30 январь куни AstraZeneca вакцинасини маъқуллаган. Аввалроқ ҳукуматнинг 30 миллион дозали дори-дармон сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди. Март ойига қадар мамлакатга 50 минг дозада вакцинанинг биринчи партияси келиши кутилмоқда.

Маълумот учун, немис мутахассислари AstraZeneca вакцинасини 65 ёшдан ошганларга тавсия этмаган. Улар 65 ёшдан ошганлар учун препаратнинг самарали эканига оид далиллар етарли эмас, деб ҳисоблаган. Компания эса Буюк Британиянинг вакцинация ва иммунизация бўйича бирлашган қўмитаси томонидан AstraZeneca’ни кексаларда қўллаш маъқуллангани ва эмланганларда иммунитет миқдори ортаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Германия коронавирус учун захира вакциналарга буюртма бергани ҳақида хабар берилганди. Италияда эса коронавирусга қарши эмлаш режаси таҳдид остида: мамлакат вакцина танқислиги муаммосига дуч келди.