Мьянма Қуролли Кучларининг зирҳли машиналар билан кучайтирилган бўлинмалари 2 февраль, сешанба куни ҳукумат бинолари ва бошқа муҳим объектларни қўриқлаб, мамлакатдаги энг йирик шаҳар — Янгондаги халқаро аэропортни тўсиб қўйди. У ерга олиб бориладиган йўл қаттиқ қўриқланмоқда, деб ёзади «ТАСС» Япониянинг NHK телеканалига таяниб.
Мьянмадаги кўплаб хусусий телеканаллар ҳамон ишламаяпти. Давлат телевидениеси ихтисослашган армия телеканали эфирга узатадиган дастурларни кўрсатмоқда. Янгонда тинч вазият сақланиб қолмоқда, аммо аҳоли максимал даражада кўп нақд пул ечиб олишга уриниб, банк бўлимлари олдида навбатга тизилди. Улар, шунингдек, озиқ-овқатларни ҳам ортиғи билан сотиб ола бошлади. NHK маълумотларига кўра, шаҳарда баъзи банкоматлар ишламаяпти.
Мьянмада ҳарбий ҳукумат жами бир неча юз кишини, шу жумладан, ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси раҳбарияти ва фаолларини қўлга олди. Улар орасида президент Вин Мьин ва собиқ мамлакат етакчиси, тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжи ҳам бор. Пойтахт Нейпьидода парламентнинг «Демократия учун миллий лига» партиясидан чиққан барча депутатлари қамоққа олинган. Бу ҳақда 2 февраль куни Япониянинг Kyodo агентлиги маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, ҳукмрон партия раҳбарлари оилаларининг кўплаб аъзолари ҳам қамаб қўйилган. Шунингдек, Мьянма миллий озчилигига вакиллик қиладиган партиялардан чиққан парламент депутатлари, ҳарбийларни танқид қилган баъзи жамоат арбоблари ҳам ҳибсга олинган.
Аун Сан Су Чжи, Kyodo маълумотлари бўйича, уй қамоғида сақланмоқда. NHK телеканали эса мамлакат собиқ етакчисининг жойлашган жойи номаълумлигини қайд этмоқда.
1 февраль куни армия ҳукуматнинг «Демократия учун миллий лига» партиясига алоқадор ва лавозимларидан четлатилган аъзолари ўрнига 11 нафар янги вазирлар тайинланганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Мьянма Қуролли Кучлари мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳокимиятни Қуролли Кучлар қўмондони Мин Аун Хлаинуга топширди. Бундан олдин эса ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси вакили ҳукумат раҳбари Аун Сан Су Чжи қўлга олинганини маълум қилди.
Шундан кейин Мьянмада алоқа бўйича узилишлар юз берди, ҳукумат телевидениеси ва радио ўз эфирларини тўхтатди. Ҳарбийлар янги парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.
Мавзуга доир:
- Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Мьянма ҳарбийлари янги сайловлар ўтказиш режасини эълон қилди
- БМТ бош котиби Мьянма раҳбариятининг қўлга олинишини қоралади
- АҚШ ва Австралия ҳукуматлари Мьянма ҳарбийларини қўлга олинган мансабдорларни озод этишга чақирди
- АҚШ Мьянмадаги тўнтариш туфайли унга қарши санкцияларни қайтадан киритиши мумкин