Германия Қуролли Кучлари Португалияга тиббиёт ходимлари ва зарур жиҳозларни юборади. Бунга сабаб Португалияда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг кескин ортиши туфайли касалхоналарнинг реанимация бўлимларида бўш жойлар тугаб бормоқда, дея хабар берди «Интерфакс» Германия Мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб.
Германия ҳарбийлари Португалияга 27 нафар шифокор ва фелдшерларни ҳозирча уч ҳафтага жўнатишни режалаштиряпти. Шунингдек, стационар ва кўчма сунъий нафас олдириш аппаратлари, беморлар учун дала ётоқлари ҳам жўнатилади.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Португалияда пандемия бошланганидан бери 711 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланган, 12,1 минг киши вирус қурбони бўлган.
«ourworldindata.org» порталининг маълумотларига кўра, бутун дунёда аҳоли жон бошига ҳафтасига COVID-19’га чалиниш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича энг юқори кўрсаткич Португалияда қайд этилган.
Португалия бош вазири Антониу Кошта мамлакат ҳозирда коронавирус пандемиясининг «даҳшатли даври»ни бошдан кечирмоқда ва вазият яхшилангунча бир неча ҳафта ўтиши мумкин, дея таъкидлаган.
Аввалроқ Португалия COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун Европа Иттифоқидан ёрдам олмоқчилиги ҳақида хабар қилинганди. Португалия соғлиқни сақлаш вазири Марта Темидо «Беморларни Европанинг бошқа мамлакатларга юбориш — ЕИда кам учрайдиган ҳолат эмас. Аммо Португалиянинг мамлакатнинг географик жиҳатдан узоқда, яриморол чеккасида жойлашгани муаммога айланмоқда», — дея таъкидлаган.
Мавзуга доир: Португалия президенти коронавирус юқтириб олди
Изоҳ (0)