YouTube’даги AcademeG каналида симёғоч иштирокидаги навбатдаги краш-тест видеоси пайдо бўлди. Бу сафар синовда 2016 йилда ишлаб чиқарилган Lada Vesta иштирок этди.

Кадр: YouTube

Россияда ишлаб чиқарилган енгил машина лойиҳачиларнинг очиқ-ойдин хатосини кўрсатиб берган.

Блогерлар беш йиллик Vesta’ни 380 минг рублга (5 минг доллар) сотиб олган. Бу Питердаги энг арзон вариантлардан бири ҳисобланади: минимал жамланма, 105 минг километр йўл босган, капотида занглаш аломатлари ва олд қисми аварияга учраган. Бироқ буларнинг барчаси аҳамиятсиз, чунки тест учун ён томондаги ҳимоя муҳим ҳисобланган.

Кадр: YouTube

Симёғоч билан тўқнашув олдидан моделнинг энг кучсиз жойи лонжерон (автомобиль рамасининг ёндори) эканлиги маълум бўлган. Гап шундаки у бутун эмас, балки икки қисм ўртасидаги оралиқда жойлашган бўлиб, негадир кузов ўртасидан жой олган — зарба айнан шу ерга тўғри келган.

Автомобиль соатига 39 километр тезликда симёғочга ён томони билан урилган. Тезлик жуда паст бўлишига қарамай, унинг геометрияси ўзгариб кетган: том қисми эгилган, эшиклар пачоқланган, орқа чап қанот ичкарига кириб қолган, юқори устун синиб кетган, олд ўриндиқ эса сезиларли даражада ён ва юқорига силжиб кетган.

Эътиборли жиҳати, Lada ролик аввалида айтилган жойи — лонжерон ёриқларига келган зарба оқибатида «сочилиб кетган». Бу каби ёриқнинг бўлиши лойиҳалаш жараёнидаги қўпол хатолик ҳисобланади.