Москвадаги Тверь суди сиёсатчи Алексей Навальнийнинг укаси Олег Навальний, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юристи Любов Соболь, «Шифокорлар альянси» раҳбари Анастасия Василева, Pussy Riot гуруҳи вакили Мария Алехина ва мухолифатчининг Москвадаги штаби координатори Олег Степановга уй қамоғи жазосини тайинлади. Улар 23 январь куни санитар-эпидемилогик қоидаларни бузган ҳолда Навальнийни қўллаб-қувватлаш акциясини амалга оширганди. Суд ахборот хизматининг хабарига кўра, улар 23 мартга қадар ҳибсда бўлади, Степанов ва Олег Навальний суд зали биносидан бошқа жойга олиб кетилган, дея хабар берди «Коммерсантъ».

Олег Навальний

Фото: Тверь суди ахборот хизмати

Судья уй қамоғи жазосини тайинлаш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттираётган вақтда Соболь хонимнинг Олдос Хаксли китобини ўқиб турган сурати Тверь судининг ахборот хизмати томонидан эълон қилинган.

Любов Соболь

Фото: Тверь суди ахборот хизмати

Аввал Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юридик бўлими бошлиғи Вячеслав Гимади ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 236-моддаси (санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш) билан суд иши бошланганини маълум қилганди. Тергов вакилларининг фикрича, соғлом ва коронавирусга чалинган одамларни намойишга чақирилиши оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолган. Мазкур ҳаракатлар учун кўпи билан икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Юристнинг сўзларига кўра, санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш бўйича жиноят ишида Алексей Навальнийнинг матбуот-котиби Кира Ярмиш ва жамғармада тергов бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи Георгий Албуров гувоҳ сифатида иштирок этмоқда. Москва маъмурияти берган маълумотларда Навальнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўчаларга чиққан оломон орасида 19 кишида коронавирус инфекциясининг аломатлари кузатилган.

23 январда бутун Россия ҳудудида Навальнийни ҳибсдан озод қилишни талаб қилиб намойишлар ўтказилган. Сиёсатчини Шереметьево аэропортида 17 январь куни Германиядан қайтганидан кейин ҳибсга олишган. 28 январда Москва вилоят суди мухолифатчини судга қадар ушлаб туриш бўйича қарор чиқарган.

Алексей Навальний 2020 йил августдан бери Германияда эди. У Томск—Москва самолётида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли даволаниш учун олиб кетилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Декабрь ойида Bellingcat ва The Insider сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.

14 январь куни Жазоларни ижро этиш федерал хизмати сиёсатчи 29 декабрь куни департамент ташаббуси билан қидирувга берилганини хабар қилди. Хизмат уни «Ив Роше» иши бўйича режимни бузган, унга мувофиқ Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди.

Навальний 17 январь куни кечқурун Берлиндан Москвага қайтиб келди. Шереметьево аэропортида сиёсатчи «Ив Роше» иши доирасида ҳибсга олинди ва Химки шаҳридаги полиция бўлимига олиб кетилди. Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарди.