Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати, Аурангабод шаҳрида яшайдиган аёл паспортини йўқотиб қўйгани сабабли 18 йил умрини Покистон қамоқхонасида ўтказди. Бу ҳақда Times Now News хабар беради.
2003 йилда эрининг қариндошларидан хабар олиш учун Покистоннинг Лаҳор шаҳрига борган 65 ёшли Ҳасина Бегум паспортини йўқотиб қўйгани туфайли озодликдан маҳрум қилинган. У 18 йил давомида айби йўқлигини айтиб, уни қўйиб юборишларини сўраган.
Покистон ҳукумати Ҳиндистон полициясидан Бегумнинг Аурангабадда уйи борлиги ва у ерда рўйхатдан ўтгани ҳақида ҳисобот олганидан кейингина аёлни қўйиб юборишга қарор қилган. Полиция маълумотларида аёл Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш вилояти, Сахаранпур шаҳрида яшайдиган Дилшад Аҳмеднинг турмуш ўртоғи экани айтилган.
Покистон қамоқхонасидан қўйиб юборилган аёл Ҳиндистон ҳукуматига топширилган. Аёл кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирганидан кейин ватанига қайтиб, ўзини жаннатдагидек ҳис қилаётганини айтиб, уни қамоқхонада мажбурлаб ушлаб турганини қўшимча қилган.
Изоҳ (0)