Президент Гурбангули Бердимуҳамедов 27 январь куни Туркманистон Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида раислик қилди ва у ҳарбий идоралар раҳбарларини чет элдан сотиб олинган замонавий ҳарбий техникаларга нисбатан эҳтиёткор бўлишга чақирди, деб хабар бермоқда «Хроника Туркменистана».

Фото: Livejournal

Давлат раҳбари ҳарбий махсус техникани ишлатишга қодир малакали мутахассисларни тайёрлашни ва унинг ишлаш тартиби тўғрисидаги қоидаларни қайта кўриб чиқишни буюрди.

Сўнгра бош прокурор Ботир Атдаев президент буйруғи билан амалга оширилган чегара қўшинларини текшириш тўғрисида ҳисобот берди.

Ҳисоботдан кейин Бердимуҳамедов чегара хизмати раҳбари Шадурди Дурдиевни ишдан бўшатди. Шунингдек, Дурдиев генерал майордан подполковник даражасига туширилди.

Шадурди Дурдиев

Фото: «Хроника Туркменистана»

Дурдиевнинг икки ўринбосари – Аннамират Чарев ва Илман Илмановга «расмий вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари ва ўз ишларида йўл қўйган камчиликлари учун» сўнгги огоҳлантириш билан танбеҳ берилди.

Чегара қўшинларининг янги қўмондони этиб Язгелди Нуриев тайинланди, у илгари Миллий хавфсизлик институтининг ректори бўлиб ишлаган ва муддатидан олдин полковник ҳарбий унвони билан тақдирланган.

Язгелди Нуриев

Фото: «Хроника Туркменистана»

Давлат раҳбарининг норозилигига 13 январь куни Аҳал вилоятидаги чегара хизмати вертолётининг қулаши сабаб бўлгани айтилмоқда. Бироқ расмий равишда бу ҳақда хабар берилмаган.

Шадурди Дурдиев 2018 йил июнь ойида чегара хизмати бошлиғи лавозимига тайинланган.

Аввалроқ Туркманистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлашга тайёрланаётгани, Гурбангули Бердимуҳамедов алабай итлари ва ахалтекин отларининг байрамини бирлаштириш ҳақида буйруқ бергани ҳамда Туркманистон Адлия вазирлиги интернетга уланиш қоидаларини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.