Дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони 100 миллион кишига етди, деб хабар беради «РБК» Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига таяниб. Бу Хитойнинг Ухань шаҳрида биринчи марта касаллик авж олганидан кейин бир йилдан зиёдроқ вақт ўтиб юз берди.
Касалланганлар сони бўйича биринчи ўринда АҚШ бормоқда — у ерда вирусни юқтириш бўйича биринчи ҳолат ўтган йилнинг 20 январида қайд этилган эди. Ўшандан буён АҚШда 25,3 миллион киши касалланиб, 423 минг киши вафот этган.
Ҳиндистонда 10,6 миллиондан ортиқ одам вирусга чалинган, у ерда илк касалланганлар 2020 йил февралида қайд этилганди. Ундан кейинда Бразилия бормоқда.
Илк касалланиш ҳолатлари ўтган йил 31 январда аниқланган Россияда эса бундай ҳолатларнинг сони шу пайтгача 3,7 миллионтага етган. Пандемия бошидан буён 70 дан зиёд одам вафот этган.
Шунингдек, Буюк Британия ва Францияда касалланганлар сони 3 миллиондан ошган. Испания, Италия, Туркия, Германия ва Колумбияда эса COVID-19’га чалинганлар 2 миллиондан зиёдни ташкил этади.
Узоқ вақт давомида беморлар сони бўйича биринчи бўлиб келган Хитой айни пайтда 83-ўринни эгаллади. Уханда вазият изига тушгач, Хитой ҳукумати вирус тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлган эди. Аммо январда вазият ёмонлашди: Шицзячжуан шаҳрида, шунингдек, Пекин атрофларида ўнлаб одамлар касалликка чалинди. Бир нечта аҳоли пунктларида карантин жорий қилинди, минглаб одамларга ундан чиқиш тақиқланди.
ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастурининг ижрочи директори Майкл Райан коронавирусга қарши курашда яхши натижаларга эришилганига қарамай, уни енгиш қийин бўлишини билдирди. У COVID-19 эндемик касалликка айланишини истисно этмаган — уни бутунлай йўқотиш жуда мушкул.
«Инсоният ҳозирча фақат қорачечакни енгишга муваффақ бўлган», — дейди Райан. Полиомиэлит ва қизамиқ каби касалликларни ҳозирга қадар бутунлай йўқотишнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли коронавирусни енгиш ҳам осон бўлмайди: чунки COVID-19 дунёнинг деярли барча мамлакатларида тарқалиб улгурди, вакцинадан фойдаланишга эса ҳозирча ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Давлатлар коронавирус оқибатида юзага келадиган ўлим ҳолатини камайтириш ва нормал ҳаёт тарзига қайтиш имконияти бор, бироқ вакцинация кенг тарқалмаса, COVID-19 билан касалланиш давом этаверади.
Маълумот учун, дунё бўйлаб вирусга чалинганларнинг умумий сони 17 декабрь куни 74 миллион, 27 декабрь куни 80 миллион, 4 январь куни 85 миллион, 11 январь куни 90 миллион, 18 январь куни 95 миллиондан ошганди.
Изоҳ (0)