АҚШ Адлия вазирлиги собиқ президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан АҚШга ноқонуний кириб келган муҳожирларга нисбатан «ноль бардошлилик» сиёсатини бекор қилди ва кўриб чиқилаётган ҳар битта ишга индивидуал ёндашувни талаб қилди, деб ёзади «Интерфакс».

Фото: EPA

«Жиноий ишларни кўриб чиқишда индивидуал ёндашув тамойилига мувофиқ мен ушбу сиёсат ҳақидаги кўрсатмани бекор қиламан, қарор зудлик билан кучга киради», — деб ёзди бош прокурор вазифасини бажарувчи Монти Уилкинсон федерал прокурорларга йўналтирилган хатда. Бу ҳақда The Hill нашри маълум қилган.

Уилкинсоннинг қайд этишича, жиноят ишларини қўзғатиш ҳақидаги қарорлар одам федерал қонунни бузган-бузмаганлигига ва бу борада қандай далиллар борлигига асосланиши кераклигини «аллақачондан буён таъкидлаб келади».

«Сиёсат ўзгариши мумкин, лекин бизнинг миссиямиз доим аввалгидек бўлиб қолади: қонунга мувофиқ адолатга эришиш», — деди Уилкинсон.

The Hill ёзишича, «ноль бардошлилик» сиёсатининг бекор қилиниши Байден маъмуриятининг Трамп давридаги баъзи иммиграцион чекловларни бекор қилиш бўйича биринчи уринишларидан бирига айланади.

Трамп томонидан 2018 йилда жорий қилинган «ноль бардошлилик» сиёсатига мувофиқ, АҚШга ноқонуний кирган катта одамларнинг барчаси жиноий таъқибга учраган, уларнинг фарзандлари эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ижтимоий хизматлари қарамоғига ўтказилиб, махсус марказларга жойлаштирилган.

Бу сиёсат танқидларга сабаб бўлди, чунки 5,5 мингдан ортиқ болалар ота-оналаридан ажратилган эди.

29 январь, жума куни Байден ажратиб юборилган оилаларни бирлаштириш бўйича мақсадли гуруҳ тузиш тўғрисида фармонни, шунингдек, иммиграция билан боғлиқ бошқа фармойишларни имзолаши кутилмоқда.