Ўзбекистонда газ-заправкалар 24 соат ишлай бошлагани, бироқ, бу хурсандчилик узоқ давом этмаслиги маълум қилинганди. «Дарё» мухбирларининг хабар беришича, айрим вилоятлардаги газ-заправкаларда яна чеклов ўрнатилган.

Фото: «Дарё»

«Дарё»нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошевнинг маълумот беришича, вилоятдаги мавжуд 61 та газ заправкада автомобилларга газ қуйиш вақти тонгги 05:00 дан кеч 17:00 га қадар этиб белгиланган.

«Қарши грант тоур» МЧЖ муассислигидаги газ заправка оператори Фарҳод Тўраевнинг маълумот беришича, «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали топшириғига кўра, заправка иш фаолияти соат 17:00 дан кейин тўхтатилмоқда.

Фото: «Дарё»

«Шунақа топшириқ бўлган. Биз заправкани ёпмай ишлаймиз десак-да, газ келмай қолади ва барибир ишлолмаймиз», — дейди Фарҳод Тўраев.

Мазкур ҳолатни изоҳлаган «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали ахборот хизмати масъули буни куннинг совиши ва газ босимининг пасайиши билан боғлади.

Фото: «Дарё»

«Эртага, 27 январь куни бу чеклов олиб ташланиши ҳам мумкин», — дейди идора ахборот хизмати вакили.

«Дарё» мухбири кузатувларига кўра, вилоятдаги газ заправкалар фаолиятида чеклов ўрнатилган бўлса-да, турнақатор навбатлар кузатилмаган.

Фото: «Дарё»

«Сал аввалги совуқда жудаям қийналгандик. Боиси шахсан менда юк машина бўлгани учун олган юкларимизни вақтида манзилига етказолмай, кўчада қолиб кетган ҳолатларимиз ҳам бўлди. Заправкалар фаолиятига чеклов қўйилиши биз ҳайдовчилар учун жудаям ноқулай ва нафақат бизни, биз орқали аҳолини ҳам қийнаб қўйиш бўлади», — деди ҳайдовчи Икром Маматов.

«Дарё»нинг Наманган вилоятидаги мухбири Азизбек Абдувалиевнинг маълумот беришича, Наманган вилоятидаги газ заправкаларида ҳам соат 17:00 дан тонг 05:00 га қадар чеклов ўрнатилган. Газ идораси масъуллари бунга босимнинг пасайишини сабаб қилиб келтирган.

Фото: «Дарё»

Бухоро мухбири Лайло Ҳайитованинг айтишича, вилоятда бу борада умуман чеклов йўқ.

«Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали директор ўринбосари Ўткир Файзиев «Дарё» мухбири билан суҳбатда «Шуни алоҳида таъкидлашим ўринлики, жорий йилнинг 14 январь кунидан бошлаб, вилоятдаги мавжуд 54 та газ қуйиш шохобчасида 24 соат узлуксиз ишлаш тартиби ўрнатилган. Вилоятдаги бирорта заправкада машиналар турнақаторлиги ёки соатлаб навбатда туриш ҳолати юзага келган эмас», — деди.

Фото: «Дарё»

«Дарё»нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг маълум қилишича, вилоятдаги газ-заправкаларига соат тонгги 05:00 дан 15:00 га қадар ишлашга рухсат берилган.

«Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши билан табиий газга бўлган талабнинг икки ҳисса ортиши, кўп қаватли уйларда иситиш тизимининг тўлиқ ишламаслиги ва бошқа бир қатор омиллар сабаб табиий газ таъминотида юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида чеклов ўрнатилди. Биринчи навбатда Самарқанд вилояти аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларининг табиий газга бўлган талабини қондиришимиз керак. Шу сабаб вилоятдаги газ қуйиш шохобчаларига тонгги соат 05:00 дан кундузи 15:00 гача ишлашга рухсат берилди», — дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Бахтигул Қаршиева

«Дарё»нинг Андижон вилоятидаги мухбири Умиджон Мамарасуловнинг хабар беришича, вилоятдаги газ тўлдириш шохобчаларида 22 январдан бошлаб яна чекловлар ўрнатилган бўлиб, тонгги соат 05:00 дан кундузи соат 15:00 гача ишлаш режимига ўтказилган. Шундай бўлса-да, 24—25 январь кунлари ҳам турнақатор навбатлар кузатилмаган. Бироқ, 26 январдан бошлаб газ-заправкалар олдида навбатлар юзага кела бошлаган. Айрим заправкаларда эса кундузи ҳам газ етказиб беришда соатлаб узилишлар кузатилмоқда.

Ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, турнақатор навбатлар сабаб улар автомобилларга газ тўлдириш учун икки-уч соат, баъзида беш-олти соат вақт сарфламоқда.

«Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиалида ишловчи ходимлардан бирининг маълум қилишича, вилоятга келувчи табиий газ босимида пасайиш кузатилгани сабабли газ-заправкаларида яна чекловлар ўрнатилган.

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродова «Дарё»га об-ҳавонинг мўътадиллашгани сабабли 18 январдан бошлаб ҳудудлардаги газ-заправкаларнинг ишлаш муддати маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда босқичма-босқич узайтирила бошланишини маълум қилганди.

«Агар кунлар совиб, аҳоли газ таъминотида босим камайиши кузатилса, яна чеклов жорий қилиниши мумкин. Яъни бу чора тўлиқ бекор қилинмаган. Фақат вилоят ва туманлардаги газ таъминотига оид вазиятга кўра, айни бир ҳудудга хос тарзда ҳокимликлар билан келишган ҳолда қарор қабул қилинмоқда. Республика миқёсида якуний қарор ҳали чиқарилмаган», — деганди у.

Вазирлик ахборот хизмати вакили Обиджон Дилмуродовнинг «Дарё»га қўшимча қилишича, 18 январдан бошлаб амалга татбиқ қилинган чора тўлиқ бекор қилинмаган.

«Фақат вилоят ва туманлардаги газ таъминотига оид вазиятга кўра, айни бир ҳудудга хос тарзда ҳокимликлар билан келишган ҳолда қарор қабул қилинган», — дейди Обиджон Дилмуродов.

Обиджон Дилмуродовнинг таъкидлашича, шу кунларда ҳаво ҳароратининг совий бошлагани боис газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Шунинг учун биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳудудий газ таъминоти корхоналари келишган ҳолда режа-график асосида ушбу чора-тадбирларни яна қайта жорий қилинмоқда.