Бухоро шаҳрининг бош режасига кўра, шаҳар ҳудуди иккита ёндош туман ҳисобига кенгаяди. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифига оид тайёрланган лавҳасида маълум қилди.
«Бухорода 280 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бош режани ишлаб чиқишда биз 2025 йилги истиқболда аҳолининг 310 мингга етишини ҳисобга олганмиз. Шу сабабли бош режага кўра шаҳар ҳудудини шимоли-шарқий томондан Когон тумани (1920 гектар) ва шимоли-жанубий томондан Бухоро тумани (1630 гектар) ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилган. Бунда 2040 йилгача ишлаб чиқиладиган дастур бўйича Бухоро шаҳри ҳудуди 11 488 гектарни ташкил этади», — дейди Ўткир Жумаев.
Бухоро ҳокимининг сўзларига кўра, шаҳар раҳбарияти Президентдан шаҳардаги турар жой бинолари реновациясининг иккинчи босқичини узайтиришга рухсат олган. Лойиҳа 2018 йилда бошланган бўлиб, унинг доирасида шаҳарнинг бешта кўчасида қурилиш ишлари олиб борилган. Яъни маънан эскирган икки қаватли уйлар ўрнида 61 та беш ва етти қаватли уйлар қад ростлаган.
Қурилиш ва реконструкциянинг иккинчи босқичида яна 96 та эскирган уй қайта қурилади.
Изоҳ (0)