Юнусободнинг Юнусота кўчасидаги икки ярим яшар боланинг ўлимига сабаб бўлган тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига фожиадан салкам беш ой ўтиб светофор ўрнатилди. Бунинг учун ЙТҲда ҳалок бўлган болакайнинг акаси Президентга видеомурожаат йўллашига ҳам тўғри келди.

Тошкентнинг Юнусота кўчасидаги, икки ярим ёшли Темурхон Чеховский ҳалок бўлган пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган светофор.

Фото: «Дарё»

2020 йилнинг 24 август куни воқеадан тўрт кун аввал Тошкент шаҳар ИИББдан бўшатилган 36 ёшли Тоҳирхўжа Афзалов Cobalt автомобилини маст ҳолда катта тезликда бошқариб, Юнусота кўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб бораётган Гавҳар Юсуфхўжаева ва унинг 2,5 ёшли Темурхон исмли ўғлини уриб юборган. Болакай олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Ҳодисадан сўнг Темурхоннинг отаси Евгений Чеховский ҳодиса жойига пиёдалар ўтиш жойи белгисини ўрнатишга қарор қилган (ЙТҲга қадар воқеа жойида бундай белги бўлмаган), шунингдек, Автомобиль йўллари бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги «Ўзавтойўлбелги» корхонаси вакили ёрдамида пиёдалар ўтиш жойидаги йўл белгиларини янгилаган.

Евгений Чеховский, шунингдек, унинг рафиқаси Гавҳар Юсуфхўжаева воқеадан сўнг ОАВга берган интервьюларида ушбу пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Ҳалок бўлган боланинг отаси шу мақсадда яқин-атрофдаги уйларнинг аҳолиси билан биргаликда имзо тўплашни ҳам бошлаган.

ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган Темурхоннинг отаси Евгений Чеховский (суратда) ўз саъй-ҳаракати билан воқеа жойидаги йўл белгиси ва йўл чизиқларини янгилаган.

Фото: «Gazeta.uz»

«Белги шохлар билан тўсилган эди. Ўша шохларни кесиб ташладик, белгини ўрнатдик, ўтиш жойи чизиқларини янгиладик. Биз ваколатимизга кирмайдиган ишни қилдик, бундай қилмаслигимиз керак эди. Энди бу ерда тугма билан жиҳозланган светофор қўйилиши учун Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига хат тайёрлаяпмиз. Одамлар хавфсиз тарзда йўлни кесиб ўтишлари учун», — деганди ўшанда Евгений Чеховский.

ОАВдаги мурожаатлар, хусусан, «Тошкент» телеканали орқали берилган танқидий кўрсатувга қарамай, икки ярим яшар болакайнинг ўлимига сабаб бўлган пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатилмади. Шундан сўнг 19 январь куни марҳум Темурхоннинг акаси — Амирхоннинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаати эълон қилинди.

«Ҳурматли президент-дода... Сиздан светофор ўрнатиб беришингизни илтимос қиламан. Кексалар ва болаларнинг ҳаётини сақлаб қолинг», — деб илтимос қилган болакай давлат раҳбарига йўллаган очиқ видеомурожаатида. Ушбу мурожаатдан сўнг 21 январь куни Юнусота кўчасидаги машъум пиёдалар ўтиш жойида тугмали светофор пайдо бўлди.

Тошкентнинг Юнусота кўчасидаги, икки ярим ёшли Темурхон Чеховский ҳалок бўлган пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган светофор. Махсус тугма (суратда) босилса, светофорнинг қизил чироқлари ёнади.

Фото: «Дарё»

Тошкентда пиёдалар учун хавфли, бироқ светофор билан тартибга солинмаган ўтиш жойлари ўнлаб топилади. Ушбу пиёдалар ўтиш жойларида яшовчи аҳолининг қайта-қайта мурожаатларига қарамай, маҳаллий ваколатли органлар кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермагунича ёки ушбу ҳолат юзасидан бевосита давлат раҳбарининг ўзига мурожаат йўлланмагунича чора кўрмайди.

Тошкентнинг Юнусота кўчасидаги, икки ярим ёшли Темурхон Чеховский ҳалок бўлган пиёдалар ўтиш жойига ўрнатилган светофор.

Фото: «Дарё»

Шунга ўхшаш ҳодиса 2018 йил июлида Тошкентнинг Абдулла Қодирий—Маҳатма Ганди кўчалари кесишмасида юз берган эди. 20 июль куни ушбу чорраҳадаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб бораётган актриса Фарангиз Режаметовани катта тезликда ҳаракатланиб келган Mercedes автомобили уриб юборган, актриса вафот этган. Ушбу ҳодисадан 10 кун ўтиб чорраҳага светофорлар ўрнатилган эди. Кейинроқ ушбу светофорларни ўрнатиш ҳақидаги буйруқ фожиадан 16 кун аввал чиқарилгани маълум бўлган эди.