АҚШнинг 46-президенти Жо Байден ва 49-вице-президенти Камала Харрис расман лавозимига киришди, деб ёзади Meduza. Маросим анъанага кўра Капитолийнинг ғарбий қанотида бўлиб ўтди. 2021 йилда коронавирус пандемияси ва хавфсизлик чоралари туфайли унда чекланган сондаги меҳмонлар қатнашди. Улар орасида Конгресс аъзолари ҳамда рафиқалари билан бирга келган собиқ президентлар ва вице-президентлар бор: кичик Жорж Буш ва Лора Буш, катта Жорж Бушнинг вице-президенти Дэн Куэйл, Билл ва Ҳиллари Клинтон, Барак ва Мишель Обама. Албатта, маросимнинг бош қаҳрамонлари ҳам турмуш ўртоқлари билан қатнашди. Жилл Байден ўз турмуш ўртоғига унинг сиёсатдаги узоқ карьераси давомида доим жамоатчилик олдида ҳамроҳлик қилиб келган бўлса, Камала Харриснинг эри — АҚШ тарихидаги илк «иккинчи жентльмен» Дуг Эмхофф учун бу ҳали ноодатий рол бўлгани сабабли у бироз довдирагандек кўринди.

Фото: Reuters

Меҳмонлар анъанага кўра америкалик дизайнерларнинг либосларини кийди. Бёрни Сандерс эса ўзи туғилиб ўсган Вермонт штатидан келтирилган тўқилган қўлқопда келди, Сенатда ҳам у Вермонт штатига вакиллик қилади.

«Бёрни худди инаугурация у учун асосий нарса эмас, балки бор-йўғи унинг бугунги ишларидан биридек кийинган.»

Дональд Трамп маросимга келмади. Эрталаб у Оқ уйни тарк этиб, Air Force One президент самолётида Флоридага учиб кетди. Инаугурацияда яна бир собиқ президент — Жимми Картер ҳам қатнашмади, аммо бу унинг кексалиги билан боғлиқ — у 96 ёшда. Қайтага маросимга Трампнинг вице-президенти Майк Пенс келди ва ҳатто тўпланганларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Маросимнинг фахрий меҳмонлари орасида Капитолий қўриқлаш хизмати ходими Южин Гудман ҳам бор эди, у бундан икки ҳафта аввал бино Трамп тарафдорлари томонидан эгаллаб олиниши вақтида ҳужумчиларни чалғитиб, уларнинг Сенат палатасига ўтишига йўл қўймаган эди. Гудман фахрий қоровул сифатида Камала Харрисни қасамёд қабул қилинадиган саҳнагача кузатиб қўйди.

АҚШ мадҳиясининг биринчи нақоратини Леди Гага ижро этди. Маросимга у каптар шаклидаги катта тилларанг тўғноғич тақиб келди ва худди шунақа рангли микрофондан фойдаланди.

Фото: Reuters

Конституцияга содиқлик қасамёдини биринчи бўлиб Камала Харрис қабул қилди, у биринчи аёл вице-президент ҳамда ушбу лавозимдаги биринчи этник ва ирқий озчилик вакиласига айланди. Унинг қасамёдини АҚШ Олий суди судьяси Sonyа Сотомайор қабул қилиб олди.

Сўнг саҳнага Женнифер Лопес чиқиб, қўшиқчи шоир ва антифашист Вуди Гатрининг «This Land is Your Land» қўшиғини куйлади. У сўнгги вақтларда АҚШдаги сиёсий тадбирларда тез-тез ижро этилмоқда, масалан, Бёрни Сандерснинг сайловолди митингларида куйланди. Жей-Ло қўшиққа Америка байроғига содиқлик қасамёдидан олинган мисрани испан тилида қўшиб юборди: Con libertad y justicia para todos, — дея.

Вашингтон вақти билан ярим кун бўлишига бир неча дақиқа қолганида Жо Байден қасамёд қабул қилди. У ўз оиласида 1893 йилдан буён сақланиб келаётган қалин чарм муқовали Инжил китобига қўлини қўйган ҳолда Конституцияга содиқликка қасамёд қилди. Аввалги сайланувчи лавозимлари — сенатор ва вице-президентлигида ҳам қасамёд қилишда шу китобдан фойдаланган эди. Расман лавозимига киришганидан кейин ярим соат ўтиб, Байден ўзининг илк ваколатларининг биридан фойдаланди: расмий @POTUS аккаунтидан твит ёзди.

«Шунча муаммоларни ечиш вазифаси турганида, биз вақтни беҳуда сарфлай олмаймиз. Шунинг учун бугун мен ишга зудлик ва қатъият билан киришиб, америкалик оилалар учун узоқ кутилган енгилликни таъминлаш мақсадида Овал хонага кетяпман.»

Инаугурация нутқида Жо Байден бир неча марта бирликка чақирди, барча америкаликлар учун президент бўлишга ваъда берди ҳамда «қизил ва кўклар (республикачилар ва демократлар), шаҳарликлар ва қишлоқликлар, консерваторлар ва либераллар бир-бирига қарши борадиган бу номаъқул уруш»ни тўхтатишга чақирди.

Маросим сўнгида саҳнага анъана бўйича «лауреат шоир» чиқиб, тантана учун махсус ёзилган шеърий асарини ўқиб беради. Одатда бу ролни эътироф этилган ва хизмат кўрсатган адабиёт арбоби бажаради, масалан, кекса Роберт Фрост Жон Кеннедининг инаугурацияси учун поэма ёзган бўлса, Майя Энжелу Билл Клинтон учун ёзган. Байденнинг штаби АҚШ тарихидаги энг ёш «лауреат шоир»ни танлади — 22 ёшли афроамерикалик Аманда Горман. Инаугурация маросими методистлар черкови руҳонийсининг ваъз айтиши билан якунланди.

Шундан кейин янги президент ва янги вице-президент кортежи Пенсильвания-авеню орқали Оқ уйга, у ердан эса гулчамбар қўйиш маросимини ўтказиш учун Арлингтон ҳарбий қабристонига жўнаб кетди.

Лавозимга киришиш маросимидан кейин одатда кетаётган президент томонидан келаётган президентга топшириладиган «ядро чамадончаси»нинг тақдири қандай бўлиши номаълум. Трамп Байденнинг инаугурациясига келишдан бош тортгани сабабли Пентагон икки чамадон иштирокидаги мураккаб жараённи ишлаб чиқишга мажбур бўлди, улардан бири 20 январь куни қоқ тушда деактивация қилинади, иккинчиси, Байденники эса активация қилинади.

Трамп президентлигининг сўнгги соатларида ўзининг сиёсий мероси ҳақида қайғурди. У президент томонидан афв этилганлар рўйхатини эълон қилди, хайрлашув нутқини тайёрлади ва барибир, инаугурация анъаналаридан бирини бажарди — Жо Байденга хат қолдирди. Бундан ташқари, у ўз партиясини тузиш имкониятларини муҳокама қилди.