АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трамп турмуш ўртоғи Дональд Трамп президентлиги даврида Оқ уйнинг маданий меросини асраб-авайлашга ва тиклаш ишларини олиб боришга ҳаракат қилган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилмоқда.

Фото: Reuters

«Сўнгги тўрт йил давомида мен кузатган лойиҳалар, менимча, нафақат Оқ уй меросини сақлаб қолди, балки унинг гўзаллиги ва улуғворлигини келажак авлодлар учун бойитди», – дейилади биринчи хонимнинг Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган эслатмасида.

Мелания Трамп бошқалар қаторида президент лифтини, ҳаммомни, биринчи қаватдаги мармар полни, боулинг залини, Rose Garden ва теннис павильонини қайта жиҳозлаганини эслатиб ўтди. CNN таъкидлашича, бу жойлар, боғ ва мармар полдан ташқари жамоатчилик учун ёпиқ, улардан фақат президентнинг оиласи фойдаланади.

Телеканал томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Мелания Трамп АҚШнинг энг паст рейтингга эга биринчи хонимига айланади. Респондентларнинг 47 фоизи у ҳақда салбий фикр билдирган. Сўровнома 2021 йил 9 январдан 14 январгача ўтказилган бўлиб, унда 1003 киши иштирок этган.