Гватемалада маҳаллий куч вакиллари ва қўшни Гондурасдан келган муҳожирлар ўртасида 17 январь куни тўқнашувлар бўлиб ўтди, деб ёзади Meduza.
Муҳожирлар карвони АҚШга қараб ҳаракатланмоқда, у ерда эса бир неча кундан кейин амалдаги президент Дональд Трампнинг кескин иммиграция сиёсатини юмшатишга ваъда берган янги президент Жо Байден ўз лавозимига киришади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 9 минг кишидан иборат муҳожирлар ўтган ҳафта охирида Гондурас ва Гватемала ўртасидаги чегарани кесиб ўтган эди. Гватемала ҳукумати Гондурасни ўз фуқароларини тўхтатишга чақирди ва ўз ҳудудидаги «ноқонуний оммавий кўчиб юришлар»нинг олдини олишга ваъда берди.
Гватемала полицияси ходимлари ва ҳарбий хизматчилар муҳожирлар карвонини тўхтатиш учун таёқлар ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган.
Гватемала миграция хизмати раҳбари Гильермо Диас маълум қилишича, Мексика чегарасига олиб борадиган йўлга 20 дан ортиқ назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилган.
«ТАСС» эслатишича, 2020 йил октябрь бошида республика ҳукумати, тахминан, 2 минг кишилик гондураслик муҳожирлар карвонини тўхтатишга муваффақ бўлган. Шулардан 100 га яқинигина Мексика билан чегарагача етиб бора олган.
Изоҳ (0)