Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарди, деб хабар берди сиёсатчининг матбуот котибига таяниб «Интерфакс».
Навальний ушбу воқеаларни «қонунбузарликнинг энг юқори даражаси» деб атади. Унинг адвокати Вадим Кобзев ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинишини маълум қилди.
Навальний 17 январь куни Шереметево аэропортида ҳибсга олинганидан кейин Химки шаҳридаги полиция бўлимига олиб кетилган. Сиёсатчи Германиядан келганида паспорт назоратидан ўтишга улгурмасдан ҳибсга олинди.
У коронавирус учун тест натижасини олишга ҳам улгурмагани айтилмоқда. Шу сабабли эҳтиёт чораси сифатида суд мажлисини милиция бўлимида ўтказишга қарор қилинган ва суд ўтказиладиган биноларга кириш чекланган.
Навальний Берлиндан адвокат Олга Михайлова билан Германиядан учиб келган. Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг барча керакли ҳужжатлари бўлса ҳам, Навальнийни кўришига рухсат берилмаган. Навальнийнинг ҳимоячиси суд полиция бўлимида бўлиб ўтишини мажлис бошланишидан бир оз олдин билиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни Жазоларни ижро этиш федерал хизмати сиёсатчи 29 декабрь куни департамент ташаббуси билан қидирувга берилганини хабар қилди. Хизмат уни «Ив Роше» иши бўйича режимни бузган, унга мувофиқ Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди.
Алексей Навальний 2020 йил августдан бери Германияда эди. У Томск—Москва самолётида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли даволаниш учун олиб кетилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Декабрь ойида Bellingcat ва The Insider сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.
Изоҳ (0)