Индонезиянинг Сулавеси оролидаги зилзила оқибатида жами 56 киши ҳалок бўлди, деб ёзади «РБК» Табиий офатларга қарши кураш миллий агентлигига (Badan Nasional Penanggulangan Bencana — BNPB) таяниб.

Ғарбий Сулавеси провинциясида одамлар губернаторнинг вайрон бўлган офисини кўздан кечирмоқда.

Фото: Reuters

Агентликнинг аниқлик киритишича, энг кўп қурбонлар Мамужу шаҳрида — 47 киши. Мажен шаҳрида 9 киши ҳалок бўлган. «Бундан ташқари, Маженда 637 киши жароҳатланган, шуларнинг 12 нафари жиддий даражада, 200 нафари ўрта оғирлик даражасида ва 425 нафари енгил даража шикастланган. Мамужуда 189 киши жиддий жароҳатлар олган ёки касалхонага ётқизилган », — деди агентлик вакили Радитя Жати.

Ҳозир Маженда электр таъминоти қисман қайта тикланган. BNPB маҳаллий ҳукумат ва кўнгиллилар билан биргаликда жабрланганларни эвакуация қилишда ва ер ости силкинишлари оқибатларини бартараф этишда давом этмоқда.

6,2 магнитудали зилзила Сулавеси оролининг ғарбий қисмида 15 январга ўтар кечаси юз берди. Оқибатда ер ўпирилишлари содир бўлиб, провинциянинг аҳоли энг зич жойлашган икки шаҳри — Мажен ва Мамужу ўртасидаги асосий йўл тўсилиб қолди ва қисман вайрон бўлди.

Дастлаб 3 киши ҳалок бўлгани хабар берилди, кейинроқ уларнинг сони 30 кишидан ошди. 15 мингга яқин одам ўз уйларини тарк этди. Маженда касалхона ва минтақа губернатори офиси вайрон бўлди. Ҳукумат сунамига олиб келиши мумкин бўлган янги зилзилалар хавфи ҳақида огоҳлантирди.