Айни дамда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг бошидан қийин кунлар ўтмоқда. Аввалига унинг Twitter’даги аккаунти блокланди, энди эса томошабинлар унинг иштирокидаги «Уйда ёлғиз-2» фильмидаги саҳнани кесиб ташлашни талаб қилмоқда, деб ёзади «Harper’s Bazaar».
Собиқ президент ва тадбиркор фильмнинг жуда қисқа саҳнасида кўриниш берган. Унга кўра, Трамп фильм қаҳрамони − Кевинга Нью-Йоркдаги Plaza меҳмонхонасининг қабулхонасига борадиган йўлни айтиб берган. Ўша вақтда Трамп меҳмонхонанинг эгаси бўлган. Фильмда акс этган ушбу саҳна 2016 йилдан бери – Трамп президент этиб сайлангандан буён кўпчиликни безовта қилиб келаётган эди. Айниқса, бу танқид Жо Байден ва Оқ уй билан боғлиқ сўнгги воқеалардан кейин янада кучайди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 6 январь куни Трампнинг тарафдорлари АҚШ Конгресси сайлов натижаларини тасдиқлаб, Жо Байденнинг ғалабасини расман тасдиқлаши керак бўлган Капитолий биносини шиддатли ҳужум билан эгаллаб олган. Тартибсизликлар оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, ўнлаб полициячилар яраланган. Собиқ президент ўз тарафдорларини қўллаб-қувватлаш учун Twitter тармоғида бир нечта постлар ёзган, бу эса кўплаб танқидлар ва зўравонликни рағбатлантириш айбловларига асос бўлган. Эндиликда Twitter фойдаланувчилари Янги йил ҳақидаги машҳур фильмдан Трампнинг саҳнасини олиб ташлашни талаб қилган минглаб твитларни тарқатди.
Фильм продюсерларининг бахтига Трампнинг фильмдаги иштироки шунчалик қисқа бўлганки, уни олиб ташлаш сюжетга таъсир қилмайди. Айтганча, томошабинлар ҳозирча Трамп иштирок этган бошқа фильмлар ҳақида бирор нарса демаган.
Мавзуга доир:
- «Уйда ёлғиз-2» фильмида кабутарлар билан рол ижро этган актриса ёлғизликдан шикоят қилди: унинг байрамни биргаликда нишонлайдиган яқинлари йўқ
- Кевиннинг онаси «Уйда ёлғиз-2» фильмидаги машҳур чинқириғини такрорлади (видео)
- Дональд Трамп «Уйда ёлғиз 2» фильмида қандай пайдо бўлиб қолгани маълум бўлди
Изоҳ (0)