Tesla бош директори Илон Маск Жефф Безосни ортда қолдириб дунёдаги энг бой бизнесменга айланди, деб хабар бермоқда Meduza.

Фото: EPA

Маск электромобиллар ишлаб чиқарувчи компания акцияларининг ўсиши натижасида дунё бойлари маблағларини онлайн тарзда кузатиб турувчи Bloomberg Billionaires Index’да биринчи ўринни эгаллади.

Bloomberg унинг бойлигини 188,5 миллиард долларга баҳолаган. Бу кўрсаткич Безоснинг бойлигидан 1,5 миллиардга кўп.

Илон Маск CNBC телеканали ҳисобига кўра ҳам дунёнинг энг бой одамига айланди. Телеканал унинг бойлигини 184 миллиард долларга баҳолади, шунингдек, Безос миллиардерлар рейтингида 2017 йилдан бери етакчилик қилганини эслатиб ўтган.

Хабарда айтилишича, Tesla акциялари 2020 йилда 743 фоизга ўсди. Акциялар 2021 йилда ҳам ўсишда давом этмоқда. 7 январь куни биржа савдоларида электромобил ишлаб чиқарувчи компания акциялари қиймати яна 4,8 фоизга ўсган.

2020 йил бошидан буён Илон Маск бойлиги Tesla акцияларинг ўсиши туфайли 150 миллиардга кўпайган. Bloomberg маълумотига кўра, янги тарихда бизнесмен бойлигининг ошишини энг тез ўсиш, деб ҳисоблаш мумкин.

Bloomberg’да қайд этилишича, Жефф Безос рафиқаси Маккензи Скотт билан ажрашмаганда дунёдаги энг бадавлат одамлар рейтингида Маскдан анча олдинда бўларди. Ажрим оқибатида Безос акциялар пакетининг катта улушини рафиқасига берган. Маккензи Скотт ажрашишдан сўнг маблағларни хайрия ишларига йўналтирди.