Дональд Трамп яқин икки ҳафта давомида, яъни президентлик лавозими тугагунга қадар Facebook ва Instagram’да блокланади. Бу ҳақда Facebook асосчиси Марк Цукерберг маълум қилди.
«Сўнгги бир неча йил ичида биз президент Трампга платформамиздан сиёсатимизга мувофиқ фойдаланишга рухсат бердик, баъзида бизнинг сиёсатимизга хилоф бўлган контент ёки постларни олиб ташладик.
Биз буни жамоатчилик сиёсий баёнотларга, ҳатто мунозарали баёнотларга имкон қадар кенгроқ кириш ҳуқуқига эга эканига ишонганимиз учун қилдик. Аммо ҳозир вазият тубдан фарқ қилади. Бу вазият платформамизни демократик йўл билан сайланган ҳукуматга қарши қўзғолон қўзғатиш учун ишлатилиши билан боғлиқ ҳисобланади», – деб ёзган Цукерберг.
Facebook асосчисининг сўзларига кўра, Трампга ушбу даврда хизматлардан фойдаланишда давом этишига йўл қўйиб бериш катта хавфни юзага келтиради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини сайловчилар ҳайъати 15 декабрь куни қўллаб-қувватлаб, демократлардан номзод Жо Байденни ғолиб деб эълон қилди. Конгресс якунларни 6 январь куни тасдиқлаши керак эди. Бунга сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трампнинг тарафдорлари халақит берди: улар Конгресс биноси ёнида йиғилиб, ичкарига бостириб кирди. Полиция уларни фақат куч билан қувиб чиқара олди.
Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилиниб, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)