Биринчи марта Буюк Британия ҳудудида аниқланган коронавируснинг янги штамми айни пайтгача 41 та мамлакат ва ҳудудда қайд этилган, деб ёзади «РБК» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ҳафталик ахборот эпидемиологик бюллетенига таяниб.

Фото: AP Photo

«5 январь ҳолатига кўра, коронавируснинг биринчи марта Бирлашган Қиролликда аниқланган VОC-202012/01 тури ЖССТнинг олтита минтақасидан бештасида, яна 40 та давлат (ҳудуд, туманлар)да кам сонли ҳолатлар билан қайд этилди», — дейилади хабарда.

ЖССТ аниқлик киритишича, дастлабки маълумотларга кўра, «британча» мутация тезроқ тарқалади, аммо у COVID-19’нинг бошқа вариантларидан хавфлироқ экани борасида далиллар йўқ.

Шунингдек, ташкилот хабарида даставвал Жанубий Африкада аниқланган 501Y.V2 штаммининг тарқалиши бўйича маълумотлар келтирилади. Ҳозир ушбу штамм билан касалланиш ҳолатлари еттита мамлакатда қайд этилган.

ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда жами 83 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалинган, шуларнинг 1,8 миллиондан зиёди вафот этган. Кетма-кет уч ҳафтадан буён бутун дунёда ҳар етти кунда 4 миллиондан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Сўнгги бир ҳафта ичида янги ўлим ҳолатлари 3 фоизга ўсиб, 76 мингтани ташкил қилди.

Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас. Кейинроқ SARS-CoV-2’нинг бу варианти бир қатор бошқа мамлакатларда, хусусан, АҚШ, Хитой, Канада, Туркия, БАА, Германия ва Швейцария, Таиланд, Греция, Словакия, Вьетнам ва Кипрда ҳам аниқланди.

Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам шунга ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди. Вируснинг янги варианти ҳозирги вакциналар ҳосил қиладиган иммунитетдан кучлироқ бўлиши мумкин, деган тахминлар учун ҳозирча бирор-бир асос йўқ.