Ким Чен Ин КХДР фуқароларини Янги йил билан анъанавий байрам мурожаати ўрнига хат билан табриклади. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги томонидан тарқатилган хабарномада сўз боради.

Ким Чен Ин.

Фото: Корея Марказий телеграф агентлиги

КХДР етакчиси ҳатто «оғир йилларда ҳам» Корея Меҳнат партиясига ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлаб турганликлари учун мамлакат фуқароларига миннатдорчилик билдирган.

Чин кўнгилдан мамлакатимизнинг барча оилаларига катта бахт, севимли халқимизга фаровонликни тилаб қоламан. Янги йилда халқимиз орзу ва умидлари рўёбга чиқадиган янги давр тезроқ кириб келиши учун янада жонкуярлик билан кураш олиб бораман.

Оғир йилларда ҳам ўзининг шубҳасиз ишончи билан партиямизни бардавом қўллаб-қувватлаб турган қалбларга миннатдорчилик билдираман. Буюк халқимизга беҳад садоқат билан жон-дил билан хизмат қилишга яна бир бор қасам ичаман.

Ким Чен Ин, КХДР етакчиси

Қайд этишларича, бу Янги йил кириб келиши муносабати билан Ким Чен Ин шахсан ўзи халққа ёзган хат.

Фото: Корея Марказий телеграф агентлиги

Ким Чен Ин 2011 йилдан бери биринчи марта шимолий кореяликларни бундай хат билан табрикламоқда. Хат Корея Меҳнат партиясининг яқин кунлар ичида бўлиб ўтиши кутилаётган саккизинчи қурултойи арафасида эълон қилинди. Қурултойда мамлакат мақсадлари белгилаб берилади.

Корея Марказий телеграф агентлининг қўшимча қилишича, Ким Чен Ин Янги йил муносабати билан Пхеняндаги мақбарада бўлиб, ўз бобоси ва отасининг хотирасига ҳурмат бажо келтирган. Унга Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг бошқарув органи аъзолари ҳамроҳлик қилган.

Фото: Корея Марказий телеграф агентлиги

2020 йил апрелидан бошлаб, у салкам икки ҳафта омма олдида кўриниш бермагач, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда КХДР етакчиси оғир касалликка чалингани ёки вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 2020 йил октябрида у Меҳнат партиясига асос солинганига 75 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда халққа мурожаат йўллаган эди.