Австралия бош вазири Скотт Мориссон маҳаллий туб аҳолининг ҳурмати учун мамлакат миллий мадҳиясидаги битта сўзнинг ўзгартирилишини эълон қилди. У ўзининг Янги йил мурожаатида бу қийин кечган 2020 йилдан кейин миллат бирлигини мустаҳкамлашини таъкидлади. Бу ҳақда The Guardian хабар қилди.
Мадҳиянинг «биз ёшмиз ва озодмиз» деб куйланган иккинчи сатри энди «биз бирмиз ва озодмиз» сўзлари билан ижро этилади. Таъкидланишича, Австралия давлати нисбатан ёш бўлса-да, бу ерларда туб цивилизация инглизлар келгунига қадар минг йиллар давомида мавжуд бўлган. Ана шундан келиб чиқиб мадҳия сўзларига ўзгартириш киритилган.
Бу ғоя Янги Жанубий Уэльс штати раҳбари Гледис Бережиклян томонидан тақдим этилган. Мадҳиядаги ўзгаришлар Австралия парламентининг иккала палатаси томонидан қўллаб-қувватланди.
«Ривожлан, гўзал Австралия» тантанали қўшиғи 1878 йилда ёзилган. Бу қўшиқ 1984 йилдан буён мамлакат мадҳияси бўлиб келмоқда. Бунгача Австралияда «Худо қироличани асрасин» қўшиғи миллий мадҳия сифатида ижро этилган.
Изоҳ (0)