2021 йилда Тошкент метрополитенидаги поездларнинг ҳаракатланиши орасидаги вақт қисқартирилади. Россиядан яна 10 та замонавий поезд таркибини харид қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» УК бошлиғи Ойбек Худойқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Худойқуловнинг сўзларига кўра, пойтахт ерости поездларининг ўзига хослиги шундаки, улар исталган линияда, жумладан, яқинда фойдаланишга топширилган Сергели линияси ва Тошкент ерусти ҳалқа метро линиясида ҳеч қандай муаммосиз ҳаракатлана олади.
«Россиядан сотиб олган янги таркибларимиз Тошкент метрополитенининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда берган буюртмамиз асосида тайёрланган. Ҳозирда бешта вагон таркибини олиб келдик. 2021 йилда ҳар бири тўртта вагондан иборат 10 та таркибни олиб келишни режалаштирганмиз. Таркиблар сони кўпайса, автоматик равишда уларнинг ҳаракатланиш орасидаги вақт камаяди, бу эса йўловчиларга қулайлик туғдиради», — дейди Худойқулов.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент метроси учун олиб келинган Россиянинг «Метровагонмаш» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги поездлар ишга туширилган эди. 2020 йилнинг мартида эса Тошкент ерусти метроси учун яна 10 та «Москва» поезди сотиб олиниши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)