Пойтахт ҳокимлиги «2021 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳоким қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Ҳужжатга кўра, 2021 йилда бюджетлараро трансфер миқдори ҳисобга олинмаганда, барча туманларнинг даромад ва харажатлари 2,9 триллион сўмни ташкил этади. Туманлар маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва харажатлар прогнозлари бўйича энг катта кўрсаткич Юнусобод тумани ҳисобига тўғри келади — 139,7 миллиард сўм. Унинг ортидан Олмазор (133,9 миллиард сўм) ва Мирзо Улуғбек (120,4 миллиард сўм) туманлари ўрин олган.
Сергелидаги Янги ҳаёт кичик тумани эса 2021 йилда дотацияда бўлади — унинг харажатлари даромадидан қарийб тўрт баробар кўп бўлиши кутилмоқда — мос равишда 6,3 миллиард сўм ва 24,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун давлат бюджетини тасдиқлагани тўғрисида хабар берилганди. Унга кўра, 2021 йилда мамлакат иқтисодиёти одатдаги кўрсаткичларига қайтиши тахмин қилинмоқда — ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 688,9 триллион сўмни, ўсиш суръати эса 5,1 фоизни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида Сергелидаги Янги ҳаёт кичик тумани майдони пойтахт ва Тошкент вилоятидаги 6 туман ҳудуди ҳисобига кенгайиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)