Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бўлаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари мамлакатнинг гендер масаласига оид халқаро рейтингларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича 21 декабрь куни ўтказилган комиссия мажлисида сўз юритилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Комиссия раиси Танзила Норбоеванинг айтишича, 2020 йилнинг январь—ноябрь ойида ҳимоя ордери олган аёлларнинг қарийб 10 минг нафари оиласида тазйиқ ва зўравонликка учраган.

Фото: Элвина Мустафина

«Ўтган 11 ой давомида ички ишлар органлари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликка учраган 11 минг 138 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Уларнинг 9 минг 916 нафари ёки 89 фоизи оилада тазйиқ ва зўравонликка дуч келган. Бу каби ҳолатлар гендер масаласига оид халқаро рейтингларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткичларнинг барчаси халқаро миқёсда таҳлил қилинади. Лекин ҳар доим таъкидлаганимдек, биз рейтинг учун эмас, асосан, аёлларимиз манфаати, тинч-хотиржамлиги ва оилаларимиз мустаҳкам бўлиши учун курашамиз. Шу мақсадда янада жиддий ишласак, рейтинглардаги ўрнимиз ҳам ўз-ўзидан яхшиланади. Рейтингларни ёмонлиги эса қилаётган ишларимиз самара бермаётганлигини кўрсатяпти», — деди у.

Норбоеванинг қўшимча қилишича, 2020 йилнинг декабрь ойига қадар реаблитация марказлари томонидан 5 минг 876 нафар аёлга ёрдам кўрсатилган.