Гулистон шаҳрида 20 декабрь ҳамда 23 декабрь кунлари гумбурлаш ва ер силкинишига ўхшаш ҳодисалар рўй берди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ФВБ матбуот хизмати бошлиғи Даврон Сулаймоновга таяниб «Xabar.uz» хабар берди.
Сулаймоновнинг сўзларига кўра, шаҳар ва унга ёндош ҳудудларда портлаш ва ёнғин хавфи мавжуд барча объектлар ўрганилганда ҳеч қандай портлаш талафотлари аниқланмаган.
«Шундай бўлса-да, вазиятни батафсил ўрганиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тезкор ахборотномалар юборилган. Бу бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, Гулистондаги ер силкиниши ҳолатларини ўрганишни бошлайди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳолат ўрганилгач, аниқ сабаблар ва маълумотлар эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, бу каби гумбурлаш овозлари бунга қадар Наманган вилоятида ҳам бир неча бор кузатилган эди. Хусусан, 2018 йил 6 декабрь куни Наманганда илк бор қаттиқ гумбурлаш овози эшитилганди. Ўшанда аввалига Мингбулоқ нефть конида портлаш юз бергани маълум қилинди, кейинчалик бу хабар рад этилди. 14 декабрда эса бу ҳолат яна такрорланганди. 2019 йилнинг 29 мартида Наманганда учинчи марта гумбурлаш содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу гумбурлашлар табиат ҳодисаси билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган.
Изоҳ (0)