Электромобиллар ишлаб чиқарадиган Tesla компанияси асосчиси Илон Маск Twitter’да гапириб беришича, Apple бош директори Тим Кук бир неча йил аввал унинг Tesla компаниясини сотиб олиш таклифини рад этган, деб ёзади Meduza.
«Моdel 3 дастурининг энг оғир кунларида мен Tesla’нинг Apple компанияси томонидан сотиб олиниши имкониятини муҳокама қилиш учун Тим Кукка мурожаат қилгандим (ҳозирги нархининг ўндан бири эвазига). У учрашишдан бош тортганди», — деб ёзди Маск.
Tesla компаниясининг бозор қиймати қарийб 607 миллиард долларга тенг. Демак, Маск Кукка компанияни, тахминан, 60 миллиард долларга сотиб олишни таклиф қилган.
Apple вакили Илон Маскнинг гапларини изоҳлашдан бош тортди, деб ёзади Bloomberg. Tesla компанияси Маск қачон Кукка бундай таклиф билан чиққани ҳақидаги саволга жавоб бермади.
Apple компанияси 2014 йилдан буён автоном автомобиллар технологиясини ишлаб чиқмоқда. Reuters маълумотларига кўра, 2024 йилга келиб, «аккумулятор батареяларининг илғор технологияси»га эга енгил автомобиль яратишни режалаштирмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)